Европа футболи оламида сўнгги кунларда тортишувларга сабаб бўлаётган энг қизиқарли мавзулардан бири — Италия терма жамоаси асосий дарвозабони ва жаҳон футболидаги энг иқтидорли посбонлардан бири саналган Жанлуижи Доннарумманинг келажаги атрофидаги вазият. Франциянинг машҳур “Пари Сен-Жермен” клуби уни трансфер рўйхатига қўйгани маълум бўлгач, Англия Премьер-лигасининг икки йирик клуби — “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” номлари орасида тилга олина бошлади.
Бироқ машҳур ва ишончли журналист Бен Жейкобс томонидан берилган охирги маълумотлар вазиятга маълум даражада ойдинлик киритди. Унинг таъкидлашича, Лондоннинг “Челси” клуби ва Доннарумма ўртасида ҳеч қандай расмий ёки норасмий мулоқот ўтказилмаган. “Аристократлар” жамоаси бу посбон ҳақида ҳали музокара бошламагани қайд этилди.
Маълумки, 26 ёшли Доннарумма 2021 йилдан буён “ПСЖ” шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди. Бироқ сўнгги мавсумда вазият кескин ўзгарди — парижликлар раҳбарияти дарвозани қўриқлаш вазифасини яқинда “Лилль” клубидан олиб келинган иқтидорли посбон Шевальега топшириш ниятида. Бу эса Доннарумма учун жамоадаги асосий ўриннинг йўқолишидан дарак беради.
Қизиғи шундаки, Жанлуижи Доннарумма клуб томонидан 13 август куни бўлиб ўтадиган УЕФА Суперкубоги баҳси қайдномасига ҳам киритилмади. Мазкур учрашувда парижликлар Англиянинг “Тоттенхэм” клубига қарши майдонга тушиши белгиланган.
Ҳозирча италиялик посбоннинг келажак манзили номаълум. Унинг юқори даражадаги тажрибаси ва реакцияси кўплаб йирик клублар учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Шу билан бирга, Европа футболи мухлислари Доннарумманинг кейинги манзили қайси чемпионат бўлиши ҳақида қизиқиш билан кузатишда давом этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!