Англиянинг собиқ чемпиони — “Манчестер Сити” жамоаси Германиянинг “РБ Лейпциг” клуби марказий ярим ҳимоячиси Хави Симонсни қўлга киритиш бўйича фаол ҳаракат бошлади. Бу ҳақда машҳур спорт журналисти Саша Тавольери ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар тарқатди.
Манбалар таъкидлашича, “шаҳарликлар” футболчининг вакили Али Барат билан узоқ вақтдан бери бўлган алоқаларни қайта йўлга қўйган ва ҳозирда “Челси” билан олиб борилаётган музокара жараёнида Симонсни ўз сафига оғдириш учун ҳаракат қилмоқда.
“Сити”нинг ёш ва иқтидорли ярим ҳимоячига бундай қизиқиши бразилиялик тезкор қанот ҳужумчиси Савионинг клубни тарк этиши эҳтимоли билан изоҳланмоқда. Инсайдер Фабрицио Романо хабарига кўра, “Тоттенҳэм” Савио трансфери бўйича келишувга яқин келган ва у яқин орада янги клубга йўл олиши мумкин.
Аввалроқ, Хави Симонсга “Челси” ҳам жиддий қизиқиш билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, икки жамоа ўртасидаги музокаралар анча илгарилаб кетгани ва келишувнинг асосий шартлари муҳокама қилингани маълум қилинган.
ОАВ тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, Нидерландия миллий терма жамоаси таркибида мунтазам ўйин кўрсатаётган Хави Симонс трансфер натижасини кутиб, ҳозирча “РБ Лейпциг”нинг умумий машғулот жараёнларига қўшилмаяпти. Бу эса унинг яқин келажакда клубини алмаштиришига ишора сифатида қабул қилинмоқда.
Агар “Манчестер Сити” музокараларда устунликка эга бўлса, бу трансфер клубнинг ярим ҳимоя чизиғини янада кучайтириши ва янги мавсумда тактик имкониятларини анча кенгайтириши мумкин. Мухлислар эса ушбу жараённинг натижасини катта қизиқиш билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!