date

Андижонлик футболчилар ОЧЛ 2 олдидан ўз фикрларини билдирди

Андижонлик футболчилар ОЧЛ 2 олдидан ўз фикрларини билдирди

Бугун "Андижон" жамоаси учун муҳим кун – Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турниридаги рақиблар қуръа орқали маълум бўлади. Мусобақа олдидан клуб матбуот хизмати жамоанинг бир нечта асосий футболчиларидан қисқача фикрлар олди ва уларнинг кутилмаларини мухлислар билан бўлишди.

Сардор Азимов: “Бизда босим йўқ, ҳар қандай рақибга тайёрмиз”

Тажрибали ҳимоячи Сардор Азимовга кўра, “Андижон” бу турнирда илк бор иштирок этаётгани учун жамоада ортиқча босим йўқ:
— Гуруҳимизга ким тушишидан қатъи назар, биз уларга қарши майдонга чиқамиз. Биз учун асосий мақсад – муносиб иштирок ва мухлисларимизни хурсанд қилиш. Худо хоҳласа, гуруҳдан чиқиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Агар кучли жамоаларга тўқнашсак – тажриба бўлади, тенг рақиблар бўлса – охиригача курашамиз, — деди Азимов.

Суннатиллоҳ Ҳамиджонов: “Бу имкониятдан максимал фойдаланамиз”

Ёш ва истеъдодли ярим ҳимоячи Суннатиллоҳ Ҳамиджонов ҳам ўз фикрларини билдирди:
— Қайси жамоа бўлишидан қатъи назар, мақсадимиз аниқ – яхши натижа ва ғалабалар билан мухлисларимизни хурсанд қилиш. Бу мусобақа клубимиз тарихида илк марта ўтказилаяпти ва биз бор маҳоратимиз билан ўйнашга тайёрмиз. Чунки яна бундай имконият қачон келиши номаълум. Бу турнирда кучсиз жамоа йўқ, ҳар бири ўз даражасида кучли. Менимча, бизга “Ал-Васл”, “Ал-Муҳаррақ” ёки “Ал-Халдия” тушиши мумкин, лекин қуръада аниқ биламиз, — деди Ҳамиджонов.

Элдор Адҳамов: “Номдор клубларга қарши ўйнаш — катта шараф”

Ҳужумчи Элдор Адҳамов эса тўғридан-тўғри гапирди:
— Қайси жамоа тушиши фарқ қилмайди. Агар қулайроқ рақиб бўлса, яхши, лекин “Ал-Насср” каби номдор клубларга қарши ўйнаш ҳам ёқимли. Биз чин дилдан ҳаракат қилсак, олдимиздаги вазифани бажаришимиз мумкин. Асосий мақсад – мухлисларимизни қувонтириш, — дея таъкидлади у.

“Андижон” жамоаси мусобақа олдидан қандай рақиб тушмасин, майдонда бор кучини бериб ўйнаш ниятида. Мухлислар эса қуръанинг натижасини ва ОЧЛ 2даги жамоа иштирокини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андижонлик футболчилар ОЧЛ 2 олдидан ўз фикрларини билдирди