Англия Премьер-лигасининг янги мавсуми “Манчестер Сити” учун муваффақиятли ва эсда қоларли тарзда бошланди. Абдуқодир Ҳусанов тўп сураётган Гвардиола жамоаси сафарда “Вулверхэмптон” билан куч синашиб, рақиб дарвозасини жавобсиз тўрт маротаба ишғол этди ва мухлисларига қувонч улашди.
Учрашувда голлар салобати катта бўлди. Ҳужумчи Эрлинг Холанд мавсумдаги тўпурарлик пойгасини эрта бошлаб, яна бир бор ўз маҳоратини кўрсатди. Норвегиялик тўпурар рақиб дарвозасига 2та гол киритди. Бундан ташқари, жамоага яқинда қўшилган янги ўйинчилар ҳам ўз номини ёрқин тарзда намоён этди. Нидерландиялик ярим ҳимоячи Тижани Рейндерс нафақат гол урди, балки бир голли пасни ҳам узатди. Яна бир дебютант — француз таланти Райан Шерки ҳисобига гол ёзди.
Айнан Тижани Рейндерс клуб тарихида муҳим қайдга эга бўлди. У афсона Серхио Агуэро давридан бери биринчи марта дебют учрашувида ҳам тўп киритиб, ҳам ассист қайд этган футболчи сифатида “Сити” тарихига кирди.
Мезбонлар майдонида ўтган учрашувнинг яна бир қизиқ жиҳати — “шаҳарликлар” сафида бир вақтнинг ўзида тўрт нафар янги футболчи дебют қилди: Тижани Рейндерс, Райан Айт-Нури, Райан Шерки ва ёш дарвозабон Жеймс Траффорд. Улар орасида миллий терма жамоамиз ёш юлдузи Абдуқодир Ҳусанов ҳам 82-дақиқада захирадан майдонга тушиб, жамоа дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишда ўз ҳиссасини қўшди.
Беллашувдан кейин Пеп Гвардиола журналистлар саволларига жавоб берди. У жамоа ўйинидан мамнун бўлганини айтар экан, айни пайтда баъзи жиҳатлардан тўлиқ қониқмаганини яширмади:
— Биринчи бўлимдаги ҳаракатларимиз ва умумий натижа мени қониқтирди. Иккинчи бўлимда эса режалаштирган ишларимизни амалга ошира олмадик. Лекин биринчи тур учун бу табиий ҳол, — деди Гвардиола.
Унинг сўзларига кўра, “Вулверхэмптон” иккинчи яримда бироз яхшироқ ҳаракат қилган, аммо “Сити” тезкор қарши ҳужумларда рақибни жазолай олди:
— Бизда Оскар Бобб, Эрлинг Холанд ва Тижани Рейндерс каби юқори темпда ҳужум қиладиган ижрочилар бор. Улар орқали мавсум давомида олдинги йилларга нисбатан ҳужумларни тезроқ қуришни мақсад қиляпмиз, — деди мураббий.
Шу билан бирга, Пеп жамоа ичидаги рақобат ва катта таркибдан келиб чиқадиган муаммолар ҳақида ҳам очиқ гапирди:
— Бизда жуда кўп ўйинчи бор. Биринчи баҳс қайдномасига Родри, Фил Фоден, Матео Ковачич, Эдерсон ва Савио ҳам киритилмади. Натан Аке ва Илкай Гюндоган каби тажрибали футболчилар эса захирада қолди. Барча турнирларда иштирок этиш учун кенг таркиб фойда беради, аммо ҳеч бир футболчининг четда қолиб кетишини истамайман. Бу ҳолат соғлом рақобатга салбий таъсир қилиши мумкин, — деди Гвардиола.
Мураббийнинг таъкидлашича, клуб ўтган мавсумдан бери бу муаммони яхши билади. Шу боис, келаси ҳафта давомида ўйинчилар ва уларнинг агентлари билан чиқиш трансферлари масаласи кўриб чиқилади. Гвардиоланинг фикрича, таркиб қисқартирилмаса, жамоавий руҳни сақлаш жуда қийин бўлади.
“Манчестер Сити”нинг Премьер-лигадаги навбатдаги баҳси 23 август куни “Этихад” аренасида бўлиб ўтади. Турнинг марказий тўқнашувларидан бири саналган беллашувда “шаҳарликлар” кучли рақиб “Тоттенхэм”га қарши майдонга тушишади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!