


Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур марказ бунда жуда муҳим бўғин. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 6 та терма жамоамизнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконияти бор. Бунинг учун стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона барпо этилган. Пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими қўшимча қулайликлар яратган.
Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилди. Булар - Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказидир.
Президентимиз уларда яратилган шароитлар билан танишди.
Кейинги йилларда футбол тизими тубдан яхшиланди. Болалар футболи, тўгаракалардан тортиб академиялар, жамоалар, чемпионатгача эътибор кучайди. Натижалар бирин-кетин бўй кўрсатмоқда. Уларнинг энг муҳими – Ватанимиз тарихида биринчи марта миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққани бўлди.
Яна бир шонли ютуқ апрелда Cаудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида қўлга киритилди. 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоамиз унда биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган эди.
Президент ушбу қаҳрамон футболчиларимиз билан учрашиб, уларга меҳр-эътиборини изҳор қилди.
Спортчилар бу шароитлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимиз ишончини оқлашга ваъда беришди.