date

Левандовски: Хаби Алонсо дунёда энг яхши мураббий бўлади

Левандовски: Хаби Алонсо дунёда энг яхши мураббий бўлади

“Реал Мадрид”да янги давр бошланди — жамоанинг бош мураббийлигига испаниялик мутахассис Хаби Алонсо тайинланди. У бундан аввал Бундеслигада “Байер” клубини муваффақиятли бошқариб, Европа футболида катта обрў топган эди.

“Қироллик клуби”нинг энг катта рақиби саналган “Барселона”нинг етакчи ҳужумчиси Роберт Левандовски эса бу янгиликка бефарқ қолмади. У Хаби Алонсонинг имкониятлари ва унинг келажаги ҳақида фикр билдириб, жамоатчилик эътиборини тортди.

— Менимча, Хаби Алонсо бош мураббий сифатида улкан ютуқларга эришади. Унинг келажаги ёрқин ва у дунё футболида энг яхши мураббийлардан бирига айланишига ишонаман. Балки, энг зўри ҳам бўлар. Чунки Алонсо олдига қўйилган мақсадларга етишни билади ва жамоадан максимал даражада фойдаланишга қодир, — деди Роберт Левандовски матбуотга берган изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, “Реал” раҳбарияти Карло Анчелоттини истеъфога чиқарганидан кейин клуб Хаби Алонсо билан расмий шартнома имзолади. Янги келишув 2028 йил 30 июнига қадар амал қилади.

Шу тариқа, “Сантьяго Бернабеу”да янги босқич бошланмоқда. Алонсонинг қай даражада муваффақиятга эришишини вақт кўрсатади, аммо ҳозирданоқ унга бўлган ишонч жуда юқори. Мухлислар эса янги мавсумда “Реал” қандай ўйин намойиш этишини катта қизиқиш билан кутмоқдалар.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Левандовски: Хаби Алонсо дунёда энг яхши мураббий бўлади