date

ЖЧ-2026 қуръаси қачон ташланиши ва манзили маълум бўлди

ЖЧ-2026 қуръаси қачон ташланиши ва манзили маълум бўлди

Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг қуръа ташлаш маросими санаси ва жойи белгиланди. Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) хабарига кўра, тадбир шу йил 5 декабрь куни Вашингтон шаҳридаги Кеннеди марказида бўлиб ўтади. Анъанавий маросим мусобақага тайёргарликдаги энг муҳим босқичлардан бири сифатида алоҳида эътиборни тортади.

«Жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик ва энг кўп кутилган қуръа маросимини АҚШ маданий юраги бўлган Кеннеди марказида ўтказиш биз учун шарафдир. Бу — турнирга тайёргарликдаги муҳим босқич бўлиб, 2026 йилги энг йирик спорт тадбирига тайёргарликнинг асосий воқеаларидан бири ҳисобланади. Жамоа делегациялари, ҳамкорларимиз, ОАВ вакиллари ва энг муҳими, 16 та мезбон шаҳар мухлисларини АҚШ пойтахтида кутиб олишга интизормиз», — деди FIFA президенти Жанни Инфантино. Унинг таъкидлашича, қуръа натижалари календарь ва логистика режаларини аниқлаб, гуруҳлар баланси ва интригани белгилаб беради.

2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Унда 48 та миллий жамоа, жумладан, юртимиз терма жамоаси ҳам иштирок этади.

Қуръа маросими олдидан мезбон шаҳарлар инфратузилмани синаб кўриш, логистика оқимларини режалаштириш ва мухлислар хавфсизлиги бўйича протоколларни янгилашни давом эттирмоқда. Делегациялар учун расмий дастур, оммавий ахборот воситалари учун аккредитация қоидалари ва тадбир сценарийси енгил ва шинам форматда ташкил этилиши кутилмоқда.

Кутилганидек, қуръа натижалари орқали илк басми-бас учрашувлар, сафарлар географияси ва стратегик рақобат манзараси шаклланади. Шу билан бирга, таркиб чуқурлиги, ўйин услублари тўқнашуви ва гуруҳлардаги тенглик даражаси ҳақидаги дастлабки хулосалар ҳам шу ернинг ўзида пайдо бўлади. Қисқаси, Кеннеди марказидаги маросим — катта саҳнадаги биринчи қадам, кейинги йўл эса ҳар бир терма жамоанинг майса устидаги меҳнати билан ёзилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2026 қуръаси қачон ташланиши ва манзили маълум бўлди