date

«Реал» Франко исми туширилган формаларни сотмасликка қарор қилди

«Реал» Франко исми туширилган формаларни сотмасликка қарор қилди

Мадриднинг машҳур клуби «Реал» таркибига яқинда қўшилган янги футболчи Франко Мастантуоно номи атрофида кутилмаган ва ноодатий вазият юзага келди. Аргентиналик ёш иқтидорнинг исми клуб дўконлари орқали сотиладиган формаларда тўлиқ кўринишида чиқарилмаслиги маълум қилинди.

Нега «Франко» исми формаларда йўқ?

Футболчининг расмий исми Франко бўлишига қарамасдан, мухлислар клуб дўконларида «Франко» ёзувли формага буюртма беролмайди. Бунга асосий сабаб — Испания тарихида қонли из қолдирган диктатор Франсиско Франко билан боғлиқ ассоциациядир.

Маълумки, Франсиско Франко 1939 йилдан 1975 йилга қадар мамлакатни бошқариб, миллионлаб испанлар хотирасида репрессиялар, цензура ва қўрқув рамзи сифатида қолган. Шунинг учун «Реал» раҳбарияти кескин ва дадил қарор қабул қилди: жамоа дўконларида «Франко» исми туширилган бирорта форма сотилмайди.

Мухлислар учун қандай вариант қолди?

Эндиликда жамоа ихлосмандлари ёш футболчининг формасини харид қилишни хоҳласалар, фақат унинг фамилияси – «Мастантуоно» ёзуви билан чекланишлари мумкин.

Бу орқали клуб ўзи учун ноқулай сиёсий ассоциацияларнинг олдини олиб, шу билан бирга, ёш юлдузга нисбатан ҳурмат ва қўллаб-қувватлашни ҳам йўқотмасликка ҳаракат қилмоқда.

Футболчининг фаолияти ҳақида

Эслатиб ўтамиз, Франко Мастантуоно аргентиналик иқтидорли ярим ҳимоячи ҳисобланади. Унинг «Реал» билан шартномаси 6 мавсумга мўлжалланган. Ёш футболчи 2019 йилдан 2024 йилга қадар «Ривер Плейт» академияси ва тизимида ҳаракат қилиб, 2024/25 йилги мавсумда асосий таркибда дебют қилган эди.

Муттахассислар фикрича, Мастантуоно келажакда «Реал»нинг муҳим фигураларидан бирига айланиши мумкин. Аммо клуб раҳбарияти унинг номи билан боғлиқ ноодатий вазиятни олдиндан ҳал қилиб, мухлислар учун аниқ позицияни белгилаб берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Реал» Франко исми туширилган формаларни сотмасликка қарор қилди