date

Хаби Алонсо: «Мбаппе янада мотивация топди ва жамоага куч қўшмоқда»

Хаби Алонсо: «Мбаппе янада мотивация топди ва жамоага куч қўшмоқда»

Мадриднинг таниқли клуби «Реал» Ла Лиганинг 2-турида «Овьедо»га қарши майдонга тушиб, йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо франциялик юлдуз ҳужумчи Килиан Мбаппенинг ўйини ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Эътиборлиси, Мбаппе янги мавсумнинг дастлабки икки баҳсидаёқ учта голга муаллифлик қилди.

Алонсо таъкидлашича, ҳужумчи сўнгги ойларда ўзини қайтаришда катта иш қилди:

— У Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ташланган тўрт килограмм вазнини қайта тиклади. Ўтган мавсум ҳақида кўп нарса дейолмайман, чунки ўшанда бу ерда эмасдим. Аммо ҳозир кўриб турибманки, у мотивацияга эга ва шу руҳни жамоага ҳам бермоқда. Мени унинг тезкор бурилишларини қандай амалга ошираётгани ҳайратга солди. Ҳамма унинг гол уришини яхши билади, лекин тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам узоқ масофаларда бир маромда ҳаракат қилиши ўзига хос жиҳат.

Мураббийнинг сўзларига кўра, бугун Мбаппе майдонда ажойиб ўйин кўрсатди:

— Унинг ҳаракатидан қониқдим. Биз ҳали ҳам такомиллашиш устида ишлаяпмиз, нималарни яхшилаш зарурлигини кўриб турибмиз. Вақт жуда қисқа бўлганига қарамай, жамоада ижобий кайфият бор, — дея қўшимча қилди Алонсо.

Мухлислар фикрича, Мбаппе янги мавсумни юқори руҳда бошлади ва у «Реал»нинг асосий ғалабалар калитига айланиши мумкин. Шу боис франциялик ҳужумчининг ҳар бир баҳси Европа футбол жамоатчилигида катта қизиқиш билан кузатилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсо: «Мбаппе янада мотивация топди ва жамоага куч қўшмоқда»