Англия Премьер-лигасини йирик 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган “Манчестер Сити”дан барча навбатдаги босқичларда ҳам кучли ўйин ва чемпионлик учун жиддий даъво кутган эди. Аммо иккинчи турда “Этихад”да “Тоттенҳэм”дан 0:2 ҳисобида таслим бўлиши Гвардиола қурмоқчи бўлаётган янги таркиб ҳали мукаммал шаклланмаганини яққол намойиш қилди.
Машҳур таҳлилчилар ҳам бу натижани диққат билан ўрганишди. Жумладан, manchestercity.news портали мутахассислари фикрига кўра, мағлубиятнинг асосий сабаби – Пеп Гвардиоланинг таркиб танлашдаги хатоси. Хусусан, улар “Тоттенҳэм”га қарши баҳсда ўзбек ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановга ишонмагани жамоага катта салбий таъсир кўрсатганини таъкидлашди.
Биринчи турда “Вулверхэмптон” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонган “Сити” ўз мухлислари кўз ўнгида яна бир маротаба юқори кайфиятда майдонга тушганди. Бироқ “шпорлар” ҳам мавсумни юқори мақсадлар билан бошлаганини кўрсата олди. 35-дақиқада Бреннан Жонсон ҳисобни очди, бўлим якунланишига яқин эса дарвозабон Жеймс Траффорднинг қўпол хатосидан фойдаланган Жоау Пальинья иккинчи тўпни киритди ва учрашув тақдирини ҳал қилди.
Мутахассислар Рубен Диаш ва Рико Льюиснинг ҳаракатларини алоҳида танқид қилишди. Диаш тажрибали бўлишига қарамай, тезликда ожиз қолди. Льюис эса қанотда катта қийинчиликка дуч келди. Шу пайтда кўпчиликнинг фикри – агар Абдуқодир Ҳусановга имконият берилганида, вазият бутунлай бошқача кечиши мумкин эди. Унинг тезлиги ва юқори чизиқли ҳимояга мос хусусиятлари “Сити”га қўл келарди.
Ёш ҳимоячи аввалги турда бор-йўғи саккиз дақиқа майдонга тушганди. Аммо у ҳам Диашдек тўп билан яхши ишлайди, шу билан бирга, тезлиги юқори. Шу боис унинг иштирок этмаслиги жиддий саволларга сабаб бўлмоқда.
Учрашувда ҳимоя чизиғини баланд тутиш ва бу ишни тезлиги паст марказий ҳимоячиларга топшириш Хосеп Гвардиола энг катта фожеаси сифатида таъкидлаб келинади. Агар Пеп Абдуқодир Ҳусановга имконият берганида ўзбек футболчиси муаммонинг яхши ечими бўла оларди.
Бундан ташқари, Абдуқодир Ҳусанов Рико Льюис жуда катта қийинчиликларга дуч келаётган ўнг қанот ҳимоячиси вазифаларини яхшироқ уддалаши аниқ.
Бу мағлубиятнинг биргина ижобий томонини кўриш мумкин. “Сити” ҳали ёзги трансферлар ойнаси ёпилмай туриб, таркибда муаммо борлигини билиб олди. Гвардиола ихтиёрида йиғилиб қолган масалаларни ёпиш учун бир ҳафта атрофида вақт бор.
Экспертлар фикрича, агар Гвардиола ёш ҳимоячини майдонга туширишдан қочса, клуб бу позиция учун албатта яқин кунларда янги ўйинчи олиб келиши шарт. Бундан ташқари, таркибда яна бир неча камчиликлар борлиги қайд этилди:
-
Жеймс Траффорд ҳали юқори босим остидаги катта ўйинларга тайёр эмас. Доннарумма каби тажрибали дарвозабон ечим бўлиши мумкин.
-
Райан Айт-Нурининг жароҳати чап қанотда муаммоларни келтириб чиқармоқда.
- Абдуқодир Ҳусанов – агар мураббийлар штаби уни ўнг қанот ҳимоясида ўйнатмайдиган бўлса, Хосеп Гвардиола ва спорт директори Уго Виана тезроқ бу позицияга янги ўйинчи топиши талаб этилади.
-
Ҳужум чизиғини кучайтириш учун янги вингер зарур. Масалан, “Реал” сафини тарк этиши мумкин бўлган Родриго мос келиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, “Тоттенҳэм”га қарши ўйин “Сити” учун огоҳлик қўнғироғи бўлди. Агар Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг тезкорлиги ва техникасига қарамай, унга ишонмас экан, жамоа ҳимоя тузилмасини қайтадан кўриб чиқишига тўғри келади. Мавсум бошидаги бу мағлубият катта сабоқ сифатида қабул қилиниши керак.