Англия Премьер-лигасининг иккинчи тури “Манчестер Сити” учун кутилмаган зарба бўлди. Жамоа ўз майдонида “Тоттенҳэм”га қарши баҳсда 0:2 ҳисобида таслим бўлиб, ишқибозларни жуда ранжитди.
Мағлубиятнинг асосий сабаби сифатида ҳимоя чизиғидаги қўпол хатолар тилга олинди. Биринчи голда Жон Стоунз рақиб ҳужумчиси Риварлисонга қарши ҳаракатда самара кўрсата олмади ва йиқилиб қолган пайтда Бреннан Жонсон ҳисобни очди. Иккинчи тўп эса дарвозабон Жеймс Траффорднинг ноқулай пасидан кейин Жоау Пальинья томонидан киритилди.
Шу ҳолатдан сўнг, “The Athletic” нашрининг журналисти Жордан Кэмпбелл Пеп Гвардиолага Абдуқодир Ҳусановдан кўпроқ фойдаланиш кераклигини ёзди.
— Мен Ҳусановни ўнг қанот ҳимоясида кўриш ғоясидан қайтмайман. Унинг тезлиги ва бирга-бир вазиятларда ҳимояланиш маҳорати айни пайтда Премьер-лигада энг муҳим жиҳатлардан бири. “Тоттенҳэм”га қарши баҳсда Рико Льюиснинг ўйини Гвардиолани бу масала устида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилиши мумкин, — деб таъкидлади журналист.
Футбол таҳлилчилари ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, Ҳусановнинг тезкорлиги, жисмоний куч-қуввати ва ҳаракатдаги шиддати жамоа ҳимоясини кучайтиришда муҳим омил бўлишини эътироф этмоқда. Гарчи ўзбек футболчиси тўпга кўп тегинмаса ҳам, унинг аниқ паслари ва ўйинни чуқур ўқий олиш қобилияти юқори баҳоланмоқда.
Шу тариқа, Рубен Диаш ва Рико Льюис ўйинида кўринган муаммоларга ечим сифатида Абдуқодир Ҳусановнинг номзоди тобора жиддий тилга олинмоқда. Мухлислар эса унинг тезкор ва ишончли ҳаракатларини “Сити”нинг келгуси баҳсларида кўришга умид қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!