Қозоғистон футболи кеча тарихий кунни нишонлади. Мамлакатнинг машҳур клуби “Қайрат” илк бор УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди ва қўшни давлат футболи учун янги тарих бошланди.
Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача Қозоғистон клублари орасида бу ютуққа фақат “Астана” эришганди. Улар 2015/2016 йилги мавсумда Европа Чемпионлар лигаси “С” гуруҳида “Атлетико Мадрид”, “Галатасарой” ва “Бенфика” каби кучли рақибларга қарши майдонга тушишган. Ҳар қанча ғалаба қозонолмаган бўлсалар-да, 6 ўйиндан 4 тасини дуранг билан якунлаб, икки марта мағлубиятга учрашган. Ўша даврдаги иштирок Қозоғистон футболи учун катта тажриба бўлиб қолганди ва айниқса, уй ўйинларида рақибларга жиддий қаршилик кўрсатишгани мухлислар ёдида сақланиб қолган.
Энди эса янги қаҳрамон сифатида “Қайрат” саҳнага чиқди. Плей-офф босқичида Шотландиянинг “Селтик” клубига қарши икки баҳс ҳам голсиз дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида 3:2 ҳисобида зафар қозонган “Қайрат” энди Европанинг энг нуфузли клуб турнирида қатнашади. Бу натижа нафақат жамоа, балки бутун Қозоғистон футболи учун катта ғалаба сифатида баҳоланмоқда.
Қизиғи, молиявий нуқтаи назардан ҳам ушбу ютуқ жуда катта аҳамият касб этади. Масалан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси ва гуруҳ босқичидаги иштирок учун тахминан 12–13 миллион евро даромад кўрса, “Қайрат” Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олгани учуноқ 20,18 миллион евро кафолатланган маблағ қўлга киритади.
Бундан ташқари, клуб гуруҳ босқичида 8 та баҳс ўтказади. Бунинг тўрттаси ўз майдонларида бўлиб ўтади ва бу ҳам қўшимча молиявий манфаатни англатади.
Муттахассислар таъкидлашича, “Қайрат”нинг бу муваффақияти Қозоғистон футболида янги босқич бошланишидан дарак бериши мумкин. Мухлислар эса ўз жамоасини Европада қандай намойиш қила олишини катта интиқлик билан кутмоқда.