date

Каннаваро: Замонавий ҳимоячи бутун майдонни назорат қилиши керак

Каннаваро: Замонавий ҳимоячи бутун майдонни назорат қилиши керак

Футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубоги доирасида ташриф буюрган Италия футболи афсонаси, жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро матбуот анжуманида мухлислар ва журналистлар саволларига жавоб берди.

Анжуманда Каннаварога замонавий футболда ҳимоя чизиғининг ривожланиши ва қиёсий жиҳатдан қайси даврдаги Италия терма жамоаси кучлироқ бўлгани ҳақида савол берилди.

“Менинг шахсий фикримга кўра, 2006 йилда жаҳон чемпиони бўлган жамоамиз кучлироқ эди. Чунки ўша пайтда ҳар бир чизиқда энг маҳоратли, ўзига хос ва бетакрор футболчилар тўпланишганди. Чемпионликка эришишимиз бежизга эмас эди”, — деди Каннаваро.

Шу билан бирга, у замонавий футболда ҳимоячиларнинг вазифаси анча кенгайганини алоҳида таъкидлади:
“Ҳозир ҳимоячи фақат рақибнинг тўп олиб юришини тўхтатиб қўйиш билан чекланмайди. У бутун майдондаги жараёнларни олдиндан ҳис этиб, уларни назорат қила олиши керак. Ҳимоячи энди фақат тўпга қарши эмас, балки умумий ўйин ритмини бошқаришда ҳам иштирокчига айланди. Демак, унинг масъулият ва ваколатлари сезиларли даражада кенгайди.”

Каннаваро сўзларига кўра, замонавий футбол ҳимоячилардан нафақат жисмоний жиҳатдан кучли бўлишни, балки тактик фикрлаш, ўйин оқимини олдиндан кўриш ва терма жамоага қўшимча устунлик олиб кела олишни ҳам талаб қилади.

Шунинг учун ҳам у ҳозирги футболда ҳимоячиларнинг роли тобора ортиб, улар майдондаги энг муҳим ҳал қилувчи фигуралардан бирига айланиб бораётганини таъкидлади.


Манба: t.me/Futsal_Uzbekistan

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Каннаваро: Замонавий ҳимоячи бутун майдонни назорат қилиши керак