Ўзбекистон Кубоги чорак финали доирасида Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ўз майдонида «Шўртан»ни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўлланма олди. Беллашувдан кейинги матбуот анжуманида самарқандликларнинг бош мураббийи Вадим Абрамов журналистлар саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Аввало, у Самарқанд аҳли ва мухлисларни ярим финалга чиқиш билан табриклаб, жамоанинг ҳар бир ўйиндан ўйинга кучайиб бораётганини таъкидлади. «Бизда кучли салоҳият бор, аммо айрим ҳолларда нотўғри ўйнаяпмиз. Август ойи жуда оғир тақвим билан ўтди, шунга қарамай синиб қолмадик. Рақибни менсимаслик ҳолати кузатилмади ва футболчиларимиз бугунги ўйинга жиддий қарашди. Бу эса мени жуда қувонтирди», — деди мураббий.
Журналистлардан бири бу ғалаба Абрамов учун мавсумдаги энг осон баҳс бўлдими, деган савол билан мурожаат қилди. У эса: «Биз Кубок учрашувига жиддий тайёрландик. ‘Шўртан’нинг ўйинларини таҳлил қилдик, хусусан ‘Насаф’га қарши баҳсларидан ўргандик. Бугун стандарт ҳолатларимиз яхши ишлади», дея жавоб берди.
Шунингдек, мураббий Анвар Ҳожимирзаевнинг ўйиндан кейин кўринмай қолганига ҳам изоҳ берди: «У дарҳол кийим алмаштириш хонасига кирди ва тикланиш жараёнини бошлади. Гол урмади, аммо яхши ҳаракат қилди, хавфли вазиятлар яратди, жамоадошларига ёрдам берди. Унга ҳеч қандай даъво йўқ».
Матбуот анжуманида жароҳатлар масаласи ҳам кўтарилди. «Ратиньо, Мираҳмадов ва Ҳошимовда жароҳат бор. Шу сабабли улар бугун қайдномага киритилмади», — деди мутахассис.
Марко Станоевич ҳақида ҳам савол берилди. Абрамов бу борада қуйидагича фикр билдирди: «Станоевич европалик ва бу ердаги иссиқ иқлим унга қийинчилик туғдирмоқда. Лекин у асосий таркиб ўйинчиси ва ҳали жамоага катта ёрдам беради».
Ўрозов ҳақидаги саволга эса Абрамов шундай жавоб қайтарди: «Бу саволни Кападзега бериш керак. Мен фақат бир нарсани айта оламан — ‘Динамо’нинг барча футболчилари терма жамоага муносиб. Тимурнинг ўз қарашлари бор ва кимни керак деб ҳисобласа, ўшани чақириш ҳуқуқига эга».
Анжуман якунида Абрамов ярим финалда ким билан ўйнаш ҳақида ҳам фикр билдирди: «Биз кимни юта олишга қодир бўлсак, ўша жамоа билан тўқнашишни истаймиз. Тарих ёзишда давом этмоқдамиз ва ҳар бир баҳсга жиддий ёндашамиз».
Шу тариқа, «Динамо» жамоаси нафақат мухлисларини қувонтирди, балки Кубокдаги интилишини янада кучайтирди. Самарқандликлар энди ярим финалда ҳам муносиб ўйин кўрсатишни мақсад қилишмоқда.
Манба: Championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!