Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров йиғин жараёнлари ва Осиё кубоги саралаш босқичига тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.
— Осиё кубоги саралаш босқичига тайёргарлик йил давомида олиб борилмоқда. Ҳозирги йиғин эса олдимизга қўйилган жиддий мақсадларни амалга ошириш учун ташкил этилган. Йигитларнинг жисмоний ҳолати ҳам, руҳий кайфияти ҳам юқори даражада. Уларнинг кўпчилиги клубларида асосий таркиб футболчиси сифатида майдонга тушиб келаётгани қувонарли ҳолат, — деди мутахассис.
Ҳайдаров сўзларига кўра, футболчилар йиғинга миллий терма жамоа баҳсларидан кейин келишгани сабаб уларда иштиёқ янада кучайган. — Улар МТЖ сафида ўйнашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган ва бу уларнинг кайфиятини кўтармоқда, — дея қўшимча қилди у.
Мураббий шунингдек рақибларни ҳам танқидсиз баҳоламаслик кераклигини таъкидлади: — Ҳеч қачон рақибга менсимай қараш мумкин эмас. Аввало ўз ўйинимизни йўлга қўйишимиз, кейин эса рақибни чуқур ўрганиш зарур. Фаластин анча вақтдан бери тайёргарлик олиб боряпти, яқинда Қирғиз Республикасига қарши ҳам баҳс ўтказди. Биз ҳам рақиблар ҳақида янги маълумотларни йиғиб боряпмиз, — деди Ҳайдаров.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни Ўзбекистон U-23 термаси Осиё кубоги саралашида иштирок этиш учун Бишкекка йўл олади. Ҳайдаров шогирдлари саралашда Шри-Ланка, Қирғиз Республикаси ва Фаластинга қарши майдонга тушади.
Мутахассислар фикрича, ушбу саралаш нафақат жамоанинг спорт формасини, балки ёш футболчиларнинг психологик барқарорлигини ҳам синовдан ўтказади. Мухлислар эса терма жамоа футболчиларининг майдонда қандай натижа кўрсатишини интиқлик билан кутмоқда.
Манба: Championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!