date

«Манчестер Сити» Доннарумма учун кутилмаган нарх таклиф қилди

«Манчестер Сити» Доннарумма учун кутилмаган нарх таклиф қилди

Европа футболида ёзги трансферлар ойнаси тобора қизғинлашиб борар экан, “Манчестер Сити” клуби ПСЖнинг асосий дарвозабони Жанлуижи Доннаруммани олиб келиш режаси билан яна бир бор эътибор марказида турибди.

Маълумотларга кўра, Париж клуби 26 ёшли италиялик посбон билан хайрлашиш ниятида ва уни қўлдан чиқаришга тайёр. Франция гранди Доннаруммани Европа Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби сифатида катта нархда баҳолаган бўлса-да, уни қўйиб юборишда шошилмоқда.

“Манчестер Сити” раҳбарияти эса футболчи билан шахсий келишувга эришиб бўлган. Манбага кўра, “шаҳарликлар” Доннаруммага йилига 12 миллион евро маош таклиф этган ва голкипер бу шартни қабул қилган. Аммо масаланинг асосий қисми трансфер нархига бориб тақалмоқда.

ПСЖ дарвозабонини 50 миллион евро атрофида баҳолаган. Лекин улар музокараларда мослашувчанлик кўрсатиб, нархни 30–35 миллион евро миқдорида белгилашга тайёрлигини билдиришган. Шу билан бирга, L'Équipe журналисти Лоик Танзининг маълум қилишича, “Манчестер Сити” клуби Париж томонига бор-йўғи 15 миллион евро таклиф қилган.

Бу рақам францияликлар учун кутилмаган ва ҳатто “кулгили” деб баҳоланиши мумкин бўлган таклиф сифатида қаралмоқда. Агар ПСЖ бу суммага рози бўлмаса, манчестерликлар трансферни январга қолдириш ниятида. Бу вақтга келиб, Доннарумманинг шартномаси тугашига янада яқинлашади ва нархи пасайиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу тариқа, Европа футболидаги энг қизиқарли мавзулардан бири сифатида Жанлуижи Доннарумманинг кейинги тақдири мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. У Премьер-лигага йўл оладими ёки Парижда қолишга мажбур бўладими — бу савол ҳали очиқча турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Манчестер Сити» Доннарумма учун кутилмаган нарх таклиф қилди