“Ньюкасл Юнайтед” раҳбарияти швециялик ҳужумчи Александр Исаакнинг жамоа билан машғулотларга қайта қўшилишидан умидвор эди. Бироқ футболчи фикрини ўзгартирмади ва натижада клуб уни сотиш масаласини кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Ёзги трансферлар ойнаси ёпилишига бир неча кун қолган бир пайтда “қарғалар” Исаак билан хайрлашиш учун аниқ талабларни белгилаб олди. The Chronicle нашри хабарига кўра, клуб фақат икки шарт бажарилган тақдирдагина форвардни қўйиб юбориши мумкин.
Биринчи шарт – “Ньюкасл” албатта жамоага янги марказий ҳужумчи олиб келиши керак. Чунки клуб бош мураббийи Эдди Хау ҳужум чизиғида захирасиз қолишни истамайди. Ҳозирда спорт бўлими эҳтимолий номзодлар сифатида “Вулверхэмптон” сафидаги Йорген Ларсен, “Челси” ҳужумчиси Николас Жексон ва “Брентфорд”дан Йоан Виссани рўйхатга киритган.
Иккинчи шарт эса молиявий жиҳатга тааллуқли: Александр Исаакни сотиб олишни хоҳлаган клуб 150 миллион фунт атрофидаги катта миқдорда бадал пули тўлаши талаб қилинади.
Муттахассислар таъкидлашича, Исаакнинг трансфери Англия Премьер-лигасидаги энг катта мавсумий ҳаракатлардан бирига айланиши мумкин. Мухлислар эса кейинги кунларда “Ньюкасл” қандай қарор қабул қилишини катта қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!