Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари — Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев сафида ҳаракат қилаётган «Истанбул Башакшеҳир» бугунги кеча УЕФА Конференциялар лигаси плей-офф босқичи доирасида ҳал қилувчи жавоб баҳсини ўтказади.
Истанбул клуби аввалги босқичларда Болгариянинг «Черно Море» ва Норвегиянинг «Викинг» жамоаларини мусобақадан чиқаришга муваффақ бўлган эди. Бироқ плей-оффнинг сўнгги тўсиғида улар Руминиянинг кучли жамоаси — «Университетя Крайова»га қарши тўқнаш келди.
Туркияда ўтган илк беллашувда Чағдаш Атан бошчилигидаги «Башакшеҳир» кутилмаган тарзда 1:2 ҳисобида имкониятни қўлдан бой берди. Энди эса барча нарса Руминияда кечадиган жавоб учрашувига боғлиқ.
Чағдаш Атан фикрлари
Жамоа мураббийи Чағдаш Атан учрашув олдидан журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда илк баҳсдаги хатолар ва жавоб ўйинидан кутилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди:
«Биринчи ўйиндаги мағлубиятдан афсусдамиз. Биз тўпни назорат қилдик, лекин ундан самара чиқара олмадик. Икки голни ўтказиб юбордик ва бундан хулоса чиқаришимиз шарт. Жавоб учрашуви оғир бўлади, аммо мақсадимиз аниқ — ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олиш».
Файзуллаев ҳақида алоҳида
Мураббий Аббосбек Файзуллаев ҳақида ҳам фикр билдирди:
«Аббос узоқ вақтдан бери расмий ўйинларда қатнашмагани сабабли спорт формасига тўлиқ кириш жараёнида. Унинг тайёргарлиги кундан-кунга яхшиланмоқда. Тез орада юз фоиз ҳолатга келиб, жамоага катта ёрдам беради. Мен унга ишонаман».
Турк футболи муҳити
Атаннинг сўзларига кўра, «Башакшеҳир» Туркияда доим мухлислар босими остида ўйнашга ўрганиб қолган. «Викинг»га қарши баҳс ҳам ана шундай муҳитда ўтган. «Галатасарой», «Фенербаҳче», «Бешиктош» ва «Трабзонспор» каби топ-клублар стадионлари ҳамиша тўлиб-тошган бўлади ва бу жамоани кучли руҳда сақлайди.
Биз финалларда доим яхши ўйнайдиган жамоалар қаторига кирамиз. Олдиндаги тўқнашув ҳам биз учун финалга тенг ўйин бўлиши шубҳасиз.
Ҳал қилувчи баҳс олдидан
Мураббийнинг таъкидлашича, Конференциялар лигаси гуруҳ босқичига чиқиш нафақат клуб учун, балки бутун турк футболи учун катта аҳамиятга эга. «Бу ерга халқимизга фахр-ифтихор бахш этиш учун келдик. Молиявий тарафдан кўра, спорт томони биз учун муҳим. Лиганинг асосий турнирига чиқишимизга бир қадам қолди. Гуруҳ босқичига чиқиш учун бор кучимизни ишга соламиз», — деди Атан.
Кутилган таркиб
Турк матбуотига кўра, бўлажак баҳсда Элдор Шомуродов асосий таркибдан майдонга тушиши, Аббосбек Файзуллаев эса иккинчи таймда захирадан ўйинга қўшилиши кутилмоқда.
“Башакшеҳир” таркиби:
Дарвозабон: Волкан Бабажан.
Ҳимоячилар: Онур Булут, Уссейну Ба, Жером Опоку, Кристофер Опери.
Ярим ҳимоячилар: Берат Ўздемир, Дениз Тюруч, Мигель Креспо, Оливье Кемен.
Ҳужумчилар: Элдор Шомуродов, Нуно да Кошта.
«Университетя Крайова» – «Истанбул Башакшеҳир» жавоб учрашуви 28 август куни Тошкент вақти билан 22:30 да старт олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!