date

Магомед Курбановда допинг фош этилди: уч йилга дисквалификация қилинди

Магомед Курбановда допинг фош этилди: уч йилга дисквалификация қилинди

Россияда кенг танилган профессионал боксчи Магомед Курбанов атрофида шов-шувли воқеа рўй берди. У антидопинг қоидаларини бузгани сабабли расман уч йил муддатга спортдан четлатилди. Бу ҳақда Россия Антидопинг агентлиги (РУСАДА) ўзининг расмий веб-сайти орқали маълумот тарқатди.

Маълум қилинишича, боксчининг намуналарида тақиқланган моддалар – дростанолон ва унинг метаболити топилган. Ушбу анаболик стероидлар кучни сунъий равишда оширади ва допинг воситалари қаторига киради. Шунинг учун ҳам қоидабузарлик жиддий хисобланиб, қаттиқ жазо қўлланилди.

РУСАДАнинг расмий баёнотида айтилишича, 30 ёшли Курбанов Бутунроссия антидопинг қоидаларининг 4.1 ҳамда 4.2-бандларини бузган. Дисквалификация қарори 2025 йил 1 августдан кучга кирган, бироқ вақтинчалик четлатиш муддати 2025 йил 24 июлдан ҳисобланади.

Бу қарор боксчининг спорт фаолиятига катта зарба бериши мумкин. Чунки Курбанов ўз карьераси давомида Россиянинг биринчи ўрта вазн тоифасидаги энг кучли спортчиларидан бири сифатида эътироф этилган эди. Шу пайтга қадар у рингда 26 марта ғалаба қозонган ва фақат 2 бор мағлубият аччиғини тотиб кўрган.

Курбановнинг номи WBО International камари билан бирга тилга олинган. У бу камарни бир неча йил давомида муваффақият билан ҳимоя қилиб келган ва ўз вазн тоифасида Россия боксининг символига айланганди. Эслатиб ўтамиз, Магомеднинг профессионал карьерасидаги илк мағлубиятини ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов қарши олдирган эди.

Ҳозирча боксчининг ўзи ёки унинг яқинларидан бу қарорга муносабат билдирилмади. Аммо шубҳасиз, уч йиллик дисквалификация унинг спорт келажагига салмоқли таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу тариқа, Россия боксининг йирик вакилларидан бири жиддий тўсиққа дуч келди. Энди спорт жамоатчилиги Курбановнинг келгуси тақдири ва унинг дисквалификациядан кейинги йўлини қизиқиш билан кузатади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Магомед Курбановда допинг фош этилди: уч йилга дисквалификация қилинди