Каталониянинг машҳур клуби «Барселона» янги иқтидорни таркибига қўшиб олди. Жамоа расмий сайти орқали 17 ёшли озарбайжонлик яримҳимоячи Иброҳим Бабаев билан шартнома имзоланганини маълум қилди.
Ёш футболчи эндидан «Барса»нинг ёшлар таркибида тўп суришни бошлайди. У шу кунгача Озaрбайжон U-17 миллий жамоаси аъзоси сифатида Швейцариянинг «Серветт» клуби ёшлар таркибида фаолият юритиб келган.
Бабаевнинг футбол йўли Женева шаҳрида бошланган. У ерда туғилиб ўсган иқтидорли футболчи «Серветт» таркибида 25 та учрашувда иштирок этиб, 5 та гол уришга муваффақ бўлган. Бу натижалар уни Европа скаутлари диққатига туширишга сабаб бўлди.
Охирги кунларда эса Иброҳим «Барселона»нинг 19 ёшгача бўлган жамоаси билан ҳам машғулотларда қатнашиб, ўз маҳоратини намойиш қилди. Каталон клуби мураббийлари унинг ҳаракатларини юқори баҳолаб, шартнома таклиф қилишга қарор қилган.
Ёшлар футболидаги янги қадам Иброҳим Бабаев учун катта имконият бўлиши шубҳасиз. Энди у Европанинг энг нуфузли клубларидан бири сафида ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш қилиш имкониятига эга.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!