Англия Премьер-лигасининг 3-туридан ўрин олган учрашувда “Манчестер Сити” сафарда “Брайтон”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Мазкур беллашувдан кейин “Олтин тўп” соҳиби Родри жамоаси ҳақида қаттиқ ва очиқча танқидий фикрлар билдирди.
“Мен жуда норозиман. Чунки биз бу ўйинга фақат ғалаба учун чиққандик, лекин натижа бутунлай бошқача бўлиб чиқди. Очиғи, сўнгги пайтларда ўзимизнинг ҳақиқий даражамизга жавоб бермаяпмиз. Ҳар бир футболчи ўзини қўлга олиб, савиясини кўтариши шарт”, – деди Родри.
Испаниялик ярим ҳимоячи учрашув бошланиши ёмон бўлмаганини, аммо иккинчи бўлимда жамоа сустлашиб қолганини тан олди. “Брайтон” ўз майдонида босим ўтказиши табиий ҳол, аммо икки қўпол хатолар ортидан ҳисоб улар фойдасига ўзгариб кетди.
“Биз ўз ўйинимизда етарлича даражада эмасмиз. Жамоадаги кўплаб ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатяпти. Янги футболчилар мослашиши учун вақт керак, аммо жараён жуда тез кетяпти ва бу осон эмас. Лекин буни баҳона қилиш мумкин эмас. Агар бундай давом этсак, ҳеч қандай совринга эриша олмаймиз”, – дея қўшимча қилди Родри.
Унинг сўзларига кўра, “Сити” иккала голни ҳам ўз хатоси сабаб ўтказиб юборди. “Айрим камчиликларимиз тажрибасиз болаларникига ўхшайди. Бундай вазиятларда энг оддийси — диққат ва тўлиқ эътибор етишмади”, – деди у.
Шу билан бирга Родри, агар “шаҳарликлар” совринлар учун курашишни истаса, ҳар бир футболчи ўз ўйини савиясини ошириши ва жамоа даражаси кўтарилиши шартлигини алоҳида таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!