Москва шаҳар прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, аралаш жанг санъати вакили Жабраил Алиев безорилик ва аёлга нисбатан ўлдириш билан қўрқитиш жиноятида айбдор деб топилди. Суд қарорига асосан, у 4 йил 1 ой муддатга умумий тартибдаги жазо колониясига юборилди.
Шунингдек, Алиев жабрланувчига етказилган маънавий зарар учун компенсация сифатида 500 минг рубль (тахминан 77 миллион сўм) тўлашга ҳам мажбур этилди.
Тергов маълумотларига кўра, 2024 йилнинг июль ойида Жабраил Алиев қасддан бир қизни қўллари билан туртиб юборган ва у деворга урилиб тушган. Шундан кейин у қизнинг бошига камида икки марта, қўлларига эса ўндан ортиқ зарба берган. Фақатгина бунга тўхтамай, уни ўлдириш билан таҳдид қилган ва яна бир неча марта ургани қайд этилган.
Айни пайтда ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган ва Алиев томонидан шикоят қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!