Туркиянинг машҳур клуби “Фенербахче” ва Англия гранди “Манчестер Сити” ўртасида кутилган келишувга нуқта қўйилди. Лондон клуби матбуот хизмати маълумотига кўра, бразилиялик тажрибали дарвозабон Эдерсон энди турк жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
32 ёшли посбон бу мавсум “шаҳарликлар” сафида бирорта учрашувда майдонга тушмади. Аввалроқ уни “Галатасарой” клуби билан ҳам боғлашганди, бироқ Эдерсон якунда Истанбулнинг бошқа клуби “Фенербахче”ни танлашга қарор қилди.
Маълумотларга кўра, тажрибали кипер учун тахминан 12 миллион фунт тўланиши режалаштирилган. Бу миқдор турк клуби учун ҳам катта сармоя ҳисобланади.
“Сити” эса унинг ўрнига янги даражадаги кипер — Италия терма жамоаси аъзоси Жанлуижи Доннаруммани олиб келмоқда. 26 ёшли дарвозабон клубда Жеймс Траффорд ва Штефан Ортега билан асосий таркиб учун рақобат қилади.
Шу тариқа, Эдерсоннинг Англиядаги бир неча йиллик йўли ниҳоясига етди ва у энди Туркия футболида ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!