Англия Премьер-лигасидаги мавсумни кутилмаган йўқотишлар билан бошлаган “Манчестер Сити” атрофида яна жиддий муаммолар пайдо бўлди. Хосеп Гвардиола шогирдлари дастлабки турда “Вулверхэмптон”ни йирик ҳисобда мағлуб этган бўлса-да, кейинги икки учрашувда “Тоттенхэм” ва “Брайтон”дан ютқазди.
Катта эҳтимол билан мавсум сўнгги қисмида кетма-кет йўқотилган очколар жамоага қимматга тушиши мумкин. Бунинг устига, етакчи футболчиларнинг жароҳатлари ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
CITYXTRA.CO.UK ва ESTEEMEDKOMPANY.COM каби нуфузли порталлар “Сити”даги жароҳатлар мавзуси, айниқса Абдуқодир Ҳусановнинг шикасти ҳақида алоҳида маълумот тарқатди.
Дастлаб Райан Шерки жароҳат олган бўлса, “Брайтон”га қарши баҳсда Абдуқодир Ҳусанов ҳам шикастланди. Жазоир терма жамоасига чақиртирилган Райан Айт-Нури саломатлиги туфайли таркибдан чиқарилди. Энди эса Нико О’Рейли ва Рико Льюис ҳам умумий машғулотлардан четлатилди.
“Манчестер Сити” расмий баёнотига кўра, ҳар икки ўйинчи Англия ёшлар терма жамоасига чақирилганига қарамай, жароҳат сабаб турнирда қатнашолмайди. Улар клуб базасида қолиб, тиббий текширув ва тикланиш жараёнидан ўтмоқда.
ФИФА кунлари муносабати билан берилган икки ҳафталик танаффус Хосеп Гвардиолага катта имконият яратмоқда. Мураббий асосий таркибга қайтишини интизорлик билан кутилган Абдуқодир Ҳусанов, Райан Шерки ва Райан Айт-Нурининг соғайишини кутиб турибди.
Manchester Evening News журналисти Тайрон Маршаллнинг маълум қилишича, Ҳусанов оёқ мушагидан олган жароҳати туфайли терма жамоа ўйинларини ўтказиб юборади. У икки ҳафта давомида Манчестерда қолиб, индивидуал даволаниш олиб боради.
Энди барчани битта савол ўйлантираяпти: Абдуқодир Ҳусанов дербигача тикланиб улгурадими? “Сити” клуби эса ўзбек ҳимоячисининг 14 сентябр куни “Этихад”да бўлиб ўтадиган “Манчестер Юнайтед”га қарши учрашувга тайёр бўлишидан умидвор.
“Брайтон”га қарши баҳсда Ҳусанов ўзининг кучли жиҳатлари – тезкорлик, курашчанлик ва ҳаракатларидаги ишонч билан ажралиб турди. Ёш бўлишига қарамай, у майдонда мукаммал ва хато қилмасдан ўйнади. Шу сабаб, кўплаб экспертлар уни жамоанинг асосий фигураларидан бири сифатида кўришмоқда.
Адам Маррет (ESTEEMEDKOMPANY.COM таҳлилчиси) таъкидлаганидек, Ҳусановнинг соғайиши дерби учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки Гвардиола рақиб Рубен Аморимнинг кучли ҳимоя ва қарши ҳужум тактикасига тайёргарлик кўраётган бир пайтда ўзбек футболчисининг майдонга қайтиши жамоа учун катта куч қўшади.
Энг муҳим жиҳати – икки ҳафталик танаффус ёш ҳимоячининг тўлиқ тикланишига етарли бўлиши керак. Мухлислар эса энди барча эътиборини Ҳусановнинг майдонга қайтиш кунига қаратиб туришибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!