date

Гвардиола ва “Манчестер Сити”нинг буюк йўли ортидаги сирлар

Гвардиола ва “Манчестер Сити”нинг буюк йўли ортидаги сирлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг “Ланс”дан “Манчестер Сити”га амалга ошган трансфери доирасида кўпчиликнинг эътибори жамоанинг собиқ спорт директори Чики Бегиристайнга қаратилди. Чунки айнан у Хосеп Гвардиоланинг Англиядаги йўлини бошлаб берган шахслардан бири сифатида тилга олинмоқда.

Испаниялик мутахассис 2016 йилда “Манчестер Сити”ни қабул қилиб олган пайтда кўпчилик ундан Англияда катта натижалар кутиб ўтирмаганди. Илгари “Барселона” ва “Бавария”да катта муваффақиятларга эришган Пеп Гвардиола Англия футболи учун тўғри келмаслиги ҳақида турли қарашлар мавжуд эди. Лекин Чики Бегиристайннинг сўзларига кўра, бу хавотирлар асоссиз бўлиб чиқди.

— Шундай фикрлар бўлган эдики, “Гвардиоланинг услуби Англияда иш бермайди, чунки бу ер Испания эмас, у ерда тўқнашувлар ва курашлар бошқача”. Аммо Пеп келгач, Премьер-лигани ўз қўлига олди ва кўрсатган натижалари билан барча шубҳаларни йўққа чиқарди, — деди Бегиристайн.

Ҳақиқатан ҳам, Гвардиола қўл остида “шаҳарликлар” 18 та катта совринни қўлга киритди. Улардан олтитаси Англия чемпионлиги бўлиб, жамоа Премьер-лигада кетма-кет тўрт марта ғолиб чиққан ягона клубга айланди. Шу билан бирга, “Манчестер Сити” тарихидаги илк Европа Чемпионлар лигаси соврини ҳам айнан Гвардиола даврида қўлга киритилди.

Испаниялик мутахассис ҳақида илгари “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилган, айни пайтда Саудия Арабистонида “Ал-Аҳли”да ўйнаётган Риёд Маҳрез ҳам ўз фикрларини билдирди.

— Мен Гвардиолани дунёнинг энг кучли мураббийи деб ҳисоблайман. У менга янги чўққиларни кўрсатди. Ҳатто баъзан унинг қарорларидан хафа бўлган пайтларимда ҳам ҳурматимни йўқотмаганман. У тактик жиҳатдан беназир устоз, — деди алжирлик юлдуз.

Гвардиоланинг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнигача давом этади. Шунинг учун мухлислар ҳали камида бир неча мавсум давомида унинг янги ғалабаларини кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола ва “Манчестер Сити”нинг буюк йўли ортидаги сирлар