CAFA Nations Cup 2-тури доирасида Туркманистон терма жамоаси Ўмонга қарши баҳсда майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Туркманистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Ровшан Мередов журналистлар саволларига жавоб берди.
Мураббий аввало шогирдларига миннатдорлик билдирди:
— Йигитларга раҳмат айтаман. Биз бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Лекин натижадан кўра футболчиларимнинг жароҳат олгани мени кўпроқ қайғуга солди. Бу ўйинда кўплаб омиллар таъсир кўрсатди. Асосий мақсадимиз натижа эмас, балки футболчиларимизни кўриб чиқиш ва синовдан ўтказиш эди. Энди барча эътиборимизни Осиё Кубоги-2027 саралашига қаратишимиз зарур.
— Туркманистон ҳисобни тенглаштирган пайтга қадар яхши ўйнади. Бу ҳақда нима дейсиз?
— Дарвозага гол киритиб юбориш режамизда йўқ эди, аммо бу ҳолат ўйин сценарийсини тубдан ўзгартирмади. Бундай мусобақалар биз учун катта тажриба мактаби. Ўмон каби жамоалар йил давомида кўплаб йирик баҳсларда қатнашишади. Бизга эса бундай ўйинлар етмайди. Шу боис мусобақа ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман. Мундиал қатнашчисига қарши ўйнашнинг ўзи катта тажриба. Барча уч баҳсда ҳам муносиб ҳаракат қилдик, айниқса Ўзбекистонга қарши ҳужумкор ўйин кўрсатдик.
— Осиё Кубоги саралашлари бир ойдан камроқ вақтда бошланади. Тайёргарлик қачон йўлга қўйилади?
— Асосий мақсадимиз Осиё Кубогига йўлланма олиш. Вақт жуда кам, аммо биз барча имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
— Ўмоннинг қайси жиҳатлари сизларга кўпроқ қийинчилик туғдирди?
— Мен рақиб ҳақида гапиришни истамайман, асосий эътиборим ўз жамоамда. Лекин айтиш керакки, Ўмон яхши шаклланган ва кучли терма жамоа.
— «Арқадағ» клуби яқин орада «Андижон»га қарши ОЧЛ2 баҳсида майдонга тушади. Бу ҳақда нима дея оласиз?
— Бу ҳақда алоҳида фикр билдирмайман. Ўзингиз кузатиб билиб оласиз. Аммо барча туркман клубларига халқаро майдонда мухлислик қиламан. «Андижон» рақибини пухта ўрганиб чиқиши керак бўлади.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!