Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва амалий йўналишларда қадамлар қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокара чоғида алоҳида эътиборга молик жиҳат сифатида футбол мавзуси ҳам тилга олинди. Қайд этилишича, Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олгани муносабати билан ҳам суҳбатда фикр алмашилган.
Президент Шавкат Мирзиёев жамоамиз келаси йили АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган мундиалда иштирок этишини мамнуният билан таъкидлади. Доналд Трамп эса, ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоасига чин қалбдан омад тилаб, миллий жамоамизнинг янги тарихий саҳифа очганини алоҳида қайд этди.
Телефон орқали мулоқот икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий муносабатлар ва очиқ мулоҳазалар ифодаси сифатида ўтди. Мулоқотда нафақат сиёсий ва иқтисодий йўналишлардаги масалалар, балки халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорлик ва спорт орқали яқинлашув мавзулари ҳам ўрин олди.
Шу тариқа, Президентлар суҳбати нафақат давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон футболи саҳнасидаги янги тарихий қадамини ҳам қувонч билан баҳам кўрди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!