
"CAFA Nations Cup-2025" 3-тури доирасида Ўзбекистонга қарши кечган баҳсдан кейин Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Урмат Абдукаимов матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, жамоа майдонда бор кучини ишга солган, аммо баъзи ҳолатларда уларнинг имкониятини ўйинга алоқаси йўқ омиллар чеклаган.
— Мен футболчиларимдан фахрланаман. Улар мундиалда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган рақибга қарши муносиб ҳаракат қилишди. Аммо, афсуски, бугун ўзимизга боғлиқ бўлмаган омиллар туфайли мағлубиятга учрадик. Шу мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилган барча йигитларга миннатдорлик билдираман, — деди Абдукаимов.
Мураббийнинг айтишича, ўйиндаги асосий бурилиш нуқтаси қизил карточка бўлган. Унинг фикрича, рақиб кучлироқ эканини инкор қилиб бўлмайди, бир киши кам ўйнаш эса жамоага жиддий таъсир кўрсатган. — Икки ўйиндан бери VAR қарорлари майдондаги натижага кескин таъсир қилмоқда. Ҳакамлар ҳам хатога йўл қўяди, лекин бундай ҳолатлар имкони борича камайиши керак, — деб қўшимча қилди мураббий.
Жамоа ҳужумда етарлича вазият ярата олмагани ҳақидаги саволга жавобан у қуйидагиларни таъкидлади: — Қизил карточкага қадар рақиб фақат бир марта дарвозамизга аниқ зарба йўллаганди. Биз прессингдан чиқиб кетаётгандик. Айрим етакчи футболчиларимиз U23 саралаш мусобақасида иштирок этаётгани сабаб тўлиқ таркиб билан майдонга тушмадик. Шу билан бирга, бу баҳсда уч нафар футболчимиз илк бор дебют қилди.
Шунингдек, Абдукаимов айрим асосий футболчилар — Эржан Токотаев ва Кожо каби ўйинчиларнинг Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётгани ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Суперлига даражаси Қирғизистон чемпионатига нисбатан анча юқори ва бу миллий жамоа ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Мураббий шу орқали жамоа ҳозирги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда мусобақани муҳим тажриба сифатида баҳолашини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 