Бугун Қашқадарё вилояти раҳбарияти, вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида, Чемпионлар Лигаси Элит босқичи старт олдидан “Насаф” жамоаси билан учрашув ўтказди. Суҳбат жараёнида ҳоким “Насаф” нафақат вилоят, балки бутун мамлакат шарафини ҳимоя қилаётган байроқдор клуб эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, жамоа шу мавсум Суперлигадаги чемпионликни сақлаб қолиш билан бирга, халқаро майдонда ҳам муносиб қатнашиши шарт. Бу орқали жамоа ўз номи ва мамлакат шарафини юксак марраларга олиб чиқиши мумкин.
Бош мураббий Рўзиқул Бердиев эса яратилган шарт-шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирди. У жамоа олдида қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришга ҳаракат қилишларини қайд этди. Клуб президенти Шуҳрат Асланов ҳам жамоа зиммасида катта масъулият борлигини, лекин ундан қочмай, олға дадил қадам ташлаш муҳимлигини уқтирди.
Сўнгги йилларда “Насаф” сафидан миллий ва ёшлар терма жамоалари учун муносиб футболчилар етишиб чиқаётгани алоҳида эътироф этилди. Шу боис бу йўналишда ишларни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Жамоа сардори Умарбек Эшмуродов ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов вилоят раҳбарияти ҳамда ҳомийларга жамоа номидан самимий миннатдорчилик билдирди.
Учрашув давомида яна бир муҳим воқеа содир бўлди — “Насаф” футбол мактаби қошида янги сунъий қопламали майдонлар тантанали равишда очилди. Маросимда асосий жамоа аъзолари ва футбол мактабининг ёш тарбияланувчилари иштирок этди.
Қашқадарё вилояти ҳокими, шунингдек, вилоят футбол ассоциацияси президенти сифатида ҳам ёш футболчиларга омад тилаб, уларни “Насаф” аъзоларидек муваффақиятли бўлишга чорлади.
Шу тариқа, “Насаф” учун катта синовлар бошланишидан олдин вилоят раҳбариятининг қўллаб-қувватлови жамоа учун янги руҳ ва куч бағишлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!