Англия миллий терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида ўтказилган Андоррага қарши беллашувдан (2:0) сўнг матбуотга ўз фикрларини баҳам кўрди.
– Биз бу ғалабага тўлақонли муносиб эдик. Яна бир бор дарвозамизни дахлсиз сақлашга эришдик ва муҳим уч очкони қўлга киритдик. Терма жамоадан кутилаётган нарса айнан шу. Аслида, тўрт-бешта гол уриш имкониятимиз бўлди, чунки кўплаб вазиятлар яратдик. Бироқ улардан унумли фойдалана олмадик. Бу эса футболда одатий ҳолат – рақибнинг зич ҳимоясини ёриб ўтиш қийин. Шу билан бирга, июнь ойидаги ўйинга нисбатан бу сафар жамоа анча яхшироқ ҳаракат қилди, – дея таъкидлади Тухель.
Мураббийдан жамоа идеал ўйинга яқинлашдими, деган савол ҳам сўралди.
– Аслида, идеал ўйин деган нарса мавжуд эмас! Биз ҳар доим унга интилган ҳолда излаймиз, аммо у тўлиқ амалга ошмайди. Шу боис мураббий сифатида ҳеч қачон бутунлай қониқиш ҳисси бўлмайди. Бу футболдаги мураббийлик ҳаётининг бир бўлаги. Бироқ бу сафар танқиддан кўра кўпроқ ижобий жиҳатларни кўрдим. «Биздан шуни қилиш талаб қилинади, биз албатта фақат шундай ва бундай ўйнашимиз шарт», деган қолипга тушиб қолмайман, – деб қўшимча қилди Англия устози.
УЕФА расмий сайти қайд этганидек, Тухелнинг фикрларида жамоанинг сафардаги 2:0 ҳисобидаги муҳим ғалабаси, ҳимояда ишончли ҳаракатлар ва ҳужумдаги ўсиш жараёнлари ўз аксини топган.
Шу билан Англия терма жамоаси ЖЧ-2026 йўлидаги навбатдаги муҳим уч очкони қўлга киритди ва кейинги баҳсларга янада ишонч билан тайёргарлик кўра бошлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!