date

Италия Туркияни енгиб, аёллар волейболида жаҳон чемпиони бўлди

Италия Туркияни енгиб, аёллар волейболида жаҳон чемпиони бўлди

22 августдан 7 сентябрга қадар Таиланднинг тўрт йирик шаҳри — Бангкок, Накҳонратчасим, Чиангмай ва Пукетда волейбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди. Ҳар бир учрашувда муросасиз кураш, кучли рақобат ва эҳтиросли лаҳзалар намоён бўлди.

Турнирнинг энг кутилган қисми — финал баҳсида Италия ва Туркия терма жамоалари юзма-юз келди. Ғоят шиддатли кечган беллашувда италиялик волейболчилар рақиб устидан 3:2 ҳисобида зафар қозониб, ўз тарихида иккинчи марта жаҳон чемпионлигига эришди. Ҳисоблар қуйидагича қайд этилди: 25:23, 13:25, 26:24, 19:25 ва ҳал қилувчи партияда 15:8.

Шу тариқа, Италия миллий жамоаси навбатдаги тарихий титулга эга чиқди ва турнир давомида ўзининг ирода ва маҳоратини бутун дунёга намоён этди. Туркия эса кучли рақиб сифатида сўнгги дақиқаларгача курашди ва иккинчи ўрин билан чекланди.

Шу билан бирга, 3-ўрин учун кечган драматик тўқнашув ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмади. Бразилия ва Япония терма жамоалари беш сетлик баҳсда ғолиблик учун майдонга тушди. Натижада бразилиялик волейболчилар 3:2 ҳисобида зафар қозониб, бронза медалини қўлга киритди. Партия натижалари эса қуйидагича якунланди: 25:11, 25:17, 19:25, 27:29 ва 18:16.

Аҳамиятли жиҳати, сўнгги мусобақанинг амалдаги чемпиони бўлган Сербия бу сафар 1/8 финалдан нариги босқичга йўл ола олмади. Улар нидерландияликларга қарши баҳсда имкониятдан маҳрум бўлиб, турнирни эрта тарк этди.

Таърифлаш мумкинки, Таиландда ўтган мазкур чемпионат нафақат аёллар волейболи тарихида, балки бутун спорт дунёси учун эсда қоларли воқеалардан бири бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Италия Туркияни енгиб, аёллар волейболида жаҳон чемпиони бўлди