Франция терма жамоаси ва “Реал Мадрид” ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўзи қатнашмаган чемпионатлар ҳақида ҳам фикр билдиришдан чарчамайди. Унинг сўзларига кўра, бу мавсум Англия, Германия ва Франция чемпионатларида кимлар пешқадам бўлиши мумкинлиги аллақачон кўзга ташланмоқда.
“Келинг, бир нечта прогноз қилайликми?” деган саволга юлдуз футболчи кулгу билан жавоб қайтарди: “Мен аслида бундай тахминларда унчалик кучли эмасман. Ҳар бир совринни ўзим қўлга киритишни истайман, холос”.
АПЛ ҳақида сўз кетганда, Мбаппе аввал “Ливерпул”ни тилга олди: “Биринчи ўринда, албатта, чемпионликни ҳимоя қиладиган ‘Ливерпул’ ҳақида гапириш лозим. Аммо мен ‘Арсенал’дан ҳам катта умиддаман. Сабаби, жамоа футболчилари узоқ вақтдан бери бирга ўйнашмоқда. Бу эса футболда ҳал қилувчи жиҳат ҳисобланади. Шу билан бирга, Пеп Гвардиола ва Эрлинг Ҳоланд билан ‘Манчестер Сити’ ҳам доимо фаворитлар қаторида туради”.
Англияда чемпионлик борасида аниқ жавоб бериш қийинлигини таъкидлаган Мбаппе: “Балким, бу йил ‘Арсенал’нинг йилидир. Албатта, кўпчилик ‘Сити’ ёки ‘Ливерпул’ дейиши осонроқ бўлади”, – деди.
Германия ҳақида эса Мбаппе иккиланмади: “Бу ерда прогноз қилиш жуда осон. Бундеслига дегани — ‘Бавария’. Улар яна ғалаба қозонишади”.
Франция чемпионатида ҳам у ҳеч қандай интрига йўқлигини айтиб ўтди: “Албатта, ‘ПСЖ’! Бу ерда барчаси ойдин ва равшан”, – дея сўзини якунлади юлдуз ҳужумчи.
Шундай қилиб, Мбаппега кўра, Англия Премьер-лигасида “Арсенал” ёки “Сити”, Германияда “Бавария”, Францияда эса “ПСЖ” чемпионликка асосий даъвогар бўлиб турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!