ФИФА президенти Жанни Инфантино бошчилигидаги нуфузли делегация Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюриб, янги барпо этилган Олимпия шаҳарчасини кўздан кечирди. Ушбу ташриф давомида делегацияга Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти ва МОҚ биринчи ўринбосари Отабек Умаров, шунингдек, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамроҳлик қилди.
Қайд этиш жоиз, Олимпия шаҳарчасининг қурилиши 2022 йил 9 ноябрда бошланган эди. Орaдан кўп ўтмай, бу иншоот нафақат юртимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, балки ўзбек спортчиларининг жаҳон аренасидаги улкан ютуқлари рамзига айланмоқда. Мажмуа замонавий меъморий ечимлар, энергия тежамкорлиги ва энг илғор инновацион технологиялари билан ажралиб туради.
100 гектардан ортиқ ҳудудда қурилган ушбу шаҳарча бир нечта спорт турлари учун мўлжалланган кўп функцияли иншоотларни ўз ичига олади. Бу ерда турли спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларни ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.
ФИФА президенти Жанни Инфантино Олимпия шаҳарчасини кўздан кечиргач, унинг юқори даражада қурилганини эътироф этди. У, шунингдек, Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва яратилаётган шароитларни алоҳида таъкидлади.
Инфантино сўзларига кўра, бу каби йирик спорт инфратузилмалари келгусида нафақат мамлакат спорти ривожига, балки бутун минтақанинг спорт салоҳияти юксалишига ҳам хизмат қилади.
Тошкент Олимпия шаҳарчаси энди нафақат маҳаллий спортчилар, балки халқаро майдон учун ҳам муҳим марказ сифатида тарихга кириши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!