date

Шавкат Мирзиёев Инфантинога «Дўстлик» орденини топширди

Шавкат Мирзиёев Инфантинога «Дўстлик» орденини топширди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди.

Суҳбат аввалида ФИФА президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқини тарихий воқеа – миллий терма жамоамиз 2026 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани билан яна бир бор самимий табриклади. Ушбу ҳақли ютуқ мамлакатимизда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар, спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ҳар томонлама кўмакнинг амалий натижаси экани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан, энг аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга кўмаклашиш, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш борасидаги сермаҳсул ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Футболни, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

ФИФАнинг техник кўмагида замонавий Миллий футбол маркази, шу жумладан, инновацион ечимларни жорий этган ҳолда рақамли футбол бўйича ситуацион марказ ташкил этилди.

Ўтган йили мамлакатимизда футзал бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилди.

Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик мусобақалари ва тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тошкент шаҳрида ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти ўзбек футболини ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шавкат Мирзиёев Инфантинога «Дўстлик» орденини топширди