date

Отабек Шукуров: “Эрон устидан ғалаба тўлиқ қониқиш бермади”

Отабек Шукуров: “Эрон устидан ғалаба тўлиқ қониқиш бермади”

Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуров CAFA Nations Cup-2025 финалида Эронга қарши кечган беллашувдан (1:0) кейин ўз фикрларини баҳам кўрди.

“Албатта, кайфиятимиз жуда юқори, аммо шунга қарамай, биз бундан ҳам яхшироқ ўйнашга қодирмиз. Буни ўзимиз ҳам яхши ҳис қилаяпмиз. Рақиб майдонда 10 киши бўлиб қолди, ҳакамлар ҳам биз томонни қўллаб-қувватлади.

Бу беллашув асосан ўртоқлик характерига эга. Асосий мақсадимиз — жаҳон чемпионатига муносиб равишда тайёргарлик кўриш. Шу боисдан Эрондек юқори савиядаги жамоаларга қарши ўйнаш биз учун катта тажриба бўлади.

Албатта, ғалаба қозондик, лекин 100 фоизлик қониқиш ҳам бермади. Чунки футболда турли вазиятлар юз беради, аммо охир-оқибат натижа тарихда қолади.

Эрон ҳатто 10 киши бўлиб қолган ҳолатда ҳам жуда маҳкам ҳимояланди. Бу уларнинг жаҳон миқёсидаги тажрибасидан дарак беради. Биз эртароқ гол урган бўлишимиз мумкин эди, аммо имкониятлардан фойдалана олмадик. Балки, ўйин охирида киритилган гол янада ширинроқ бўлгандир”, — деди 29 ёшли футболчи Sport телеканалига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, ушбу финалда Эрон жамоаси 5-дақиқадан бошлаб бир киши кам таркибда тўп сурди. Учрашув қирғизистонлик ҳакам Нурзат Абдуқодировга топширилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Отабек Шукуров: “Эрон устидан ғалаба тўлиқ қониқиш бермади”