
“Манчестер Сити” раҳбарияти норвегиялик суперҳужумчи Эрлинг Холандни клубда узоқ муддат ушлаб қолиш ниятида унга рекорд маош таклиф қилиб, 2034 йилнинг ярмигача амал қиладиган шартнома берган эди.
Шу билан бирга, ўтган йилги музокаралардан сўнг 25 ёшли тўпурар бу катта шартномага рози бўлиб, расман имзо чекишга ҳам улгурди. Бироқ шунга қарамай, Холанд ҳали ҳам “Реал Мадрид” сафида тўп суриш орзусидан воз кечмагани маълум бўлди.
Defensa Central нашри тарқатган хабарга кўра, ҳужумчи амалдаги шартномасига келажагини шахсан бошқариш имконини берадиган махсус банд кириттирган. Шу сабаб, унинг “Реал”га трансфери оғир жараён саналса-да, умуман олиб қараганда, амалга ошиши мумкин бўлган вариант сифатида кўрилмоқда.
Холанднинг агенти Рафаэла Пиментанинг айтишича, бу трансферни амалга ошириш учун ягона йўл мавжуд — у ҳам бўлса, мадридликлар Винисиус Жуниорни сотишга қарор қилиши. Бу ҳолатда “Қироллик клуби”да Холанд учун таркибий жой очилади ва қолаверса, бразилиялик юлдуздан тушадиган маблағ орқали “Сити”га тўловни амалга ошириш имкони юзага келади.
Айни дамда эса “шахарликлар” мураббийи Хосеп Гвардиола жамоани қайта қуриш жараёнида. Испаниялик мутахассис янги таркибни айнан Холанд атрофида шакллантираётгани яққол кўриниб турибди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам жамоада тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Эътиборлиси, Эрлинг Холанд ва Абдуқодир Ҳусанов ўртасида самимий дўстона муносабат ҳам мавжуд. Норвегиялик юлдуз ўзбек легионерини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Абдуқодир эса ўз навбатида Холанд ҳар сафар гол урганида уни табриклаб, яқинлигини намоён этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!