Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича 2025 йилги жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда. Нуфузли мусобақада турли мамлакатлардан келган энг кучли спортчилар медаллар ва ғалаба учун кураш олиб бормоқда.
10 сентябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси сафида рингга 14 нафар боксчимиз чиқди. Чемпионатга 18 спортчи билан йўл олган жамоамиз шу вақтгача мағлубиятсиз серияни давом эттираётган эди. Бироқ бу сафар кутилмаганда бир нечта йўқотишлар кузатилди – қизлар орасида 4 нафар, эркаклар баҳсларида эса 2 нафар ҳамюртимиз мусобақа билан хайрлашди.
Қизлар баҳслари
-
-54 кг: Нигина Ўктамова америкалик Йозелина Перезга қарши кескин жангда 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
-
-60 кг: Ситора Турдибекова қозоғистонлик Виктория Графеевага қарши баҳсда 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.
-
+80 кг: Олтиной Сотимбоева ҳиндистонлик Нупурга қарши жангда 1:4 ҳисобида имкониятни қўлдан чиқарди.
-
-57 кг: Ҳуморабону Мамажонова ҳиндистонлик Жаисминега қарши баҳсда 0:5 ҳисобида мағлубиятга учраб, чорак финалда тўхтади.
Бироқ қатор мағлубиятларга қарамай, қизлар жамоаси номидан Феруза Казакова ва Навбаҳор Ҳамидова мухлисларни хурсанд этди.
-
-51 кг: Феруза Казакова мўғулистонлик Мунгунсаран Балсанни 5:0 ҳисобида ортда қолдирди.
-
-65 кг: Навбаҳор Ҳамидова эса мезбон спортчи Сача Ҳиккейни 4:1 ҳисобида енгиб, ярим финалга йўл олди.
Эркаклар баҳслари
-
-55 кг: Миразизбек Мирзахалилов ирландиялик Тэди Жойсега қарши жангда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.
-
-70 кг: Шавкатжон Болтаев иорданиялик Зеяд Эашашга қарши баҳсда 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шу билан бирга, йигитларимиздан бир қатор спортчилар ярим финалга чиқишди:
-
-80 кг: Жавоҳир Умматалиев қозоғистонлик Олимпиада финалчиси Нурбек Оралбайни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-
-90 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев қозоғистонлик Сағиндик Тоғамбай устидан ишончли ғалаба қозонди – 5:0.
-
-60 кг: Олимпиада чемпиони Абдумалик Халоков қозоғистонлик Бибарс Жексенни ҳақиқий “мастер-класс” билан енгди – 5:0.
-
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев қозоғистонлик Ертуған Зеинулиновга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 5:0.
-
-75 кг: Фазлиддин Эркинбоев белгиялик Ҳамза Сририни 5:0 ҳисобида мағлуб этди.
-
+90 кг: Жаҳонгир Зокиров эса норвегиялик Омар Шиҳани осонлик билан ортда қолдирди – 5:0.
Хулоса
Шу тариқа, юртимиз боксчилари бир кун ичида бир нечта мағлубиятларга учраган бўлса-да, 7 нафар спортчимиз ярим финалга йўлланмани қўлга киритди. Бу натижа мамлакат бокси учун катта аҳамиятга эга бўлиб, ёш спортчиларимизга катта мотивация бериши шубҳасиз.
Маълумот учун, 11 сентябрь куни мусобақада дам олиш куни бўлади. Ярим финал баҳслари эса 12 сентябрдан бошланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!