"Ориат Доно" радиосининг "Футбол +" дастурида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажараётган Тимур Кападзе меҳмон бўлди. Суҳбат давомида бошловчи Бобур Акмалов айни пайтда кўпчилик орасида муҳокама бўлаётган миллий жамоа бош мураббийи масаласи ҳақида савол берди.
Бобур Акмалов қўйган саволлардан бири орқали "Тимур ака, телефонни олиб, тўғридан-тўғри Равшан Сайфитдиновичга қўнғироқ қилиб: 'Бунақа иш бўлмайди, шундай қилсак-чи', дегингиз келмадими?" дея қизиқди.
Кападзе эса самимий тарзда шундай жавоб қайтарди:
"Ростини айтсам, атрофимдаги турли овоза ва гап-сўзлардан жуда чарчадим. Нима бўлиши керак бўлса, бўлади. Агар тақдирим бу ерда эмас экан, бошқа ерда бўлади. Ассоциация бу масала устида албатта ўйлаётгандир, балки саволларга аниқ жавоб ҳали йўқдир. Аниқ сабабини айта олмайман".
Бундан ташқари, бошловчи Акмалов "Икки энлик расмий хабар чиқарилса, барча гап-сўзларга нуқта қўйилган бўларди-ку", дея фикр билдирди.
Кападзе эса бу гапга ҳам розилик билдириб:
"Албатта, сизнинг фикрингизга қўшиламан. Бироқ мен ўзимни фақат турнирга тайёргарликка бағишладим, бошқа нарсаларга эътиборимни қаратгим келмади", — деди.
Шуни ҳам эслатиш керакки, айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси Англиянинг "Вест Хэм" клуби собиқ устози Славен Билич билан ҳам музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумотлар тарқалган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!