Жаҳон чемпионати олдидан расмий ҳомийлар турли маҳсулотлар ва промо материалларни ишлаб чиқишда катта фаоллик кўрсатишмоқда. Шу жараёнда мусобақанинг расмий тўп ишлаб чиқарувчиси – Adidas ўзининг навбатдаги инновацияси бўлган “Trionda” тўпини ишқибозларга намойиш этди.
Бу тўпнинг номи ҳам, дизайни ҳам ўзига хос маъно касб этади. “Trionda” атамаси “tri” – яъни “учлик” сўзидан олинган бўлиб, Жаҳон чемпионати тарихида илк бор барча учта мезбон мамлакатда ўйинлар ўтказилишини ифодалайди. “Onda” эса испан тилидан “тўлқин” деб таржима қилинади. Adidas бу орқали тўпдаги динамик эгри чизиқлар орқали ҳаракат, куч ва уйғунлик рамзини беришга уринган.
Таъкидлаш жоизки, Trionda дизайни Adidas’нинг 2014 йил Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионати учун яратилган машҳур Brazuca тўпини эслатади. Ҳар икки тўпда ҳам ранглар уйғунлиги, замонавий технология ва эстетика ўз ифодасини топган.
Adidas расмийлари таъкидлашича, Trionda нафақат кўриниши билан, балки сифат ва функционаллиги билан ҳам ажралиб туради. Унга замонавий материаллар ва махсус текстура қўлланилгани сабабли футболчиларга юқори даражада назорат, аниқлик ва барқарор парвоз имкониятини беради.
Янги тўпнинг намойиши чемпионатдан олдинги энг катта янгиликлардан бири сифатида муҳокамалар марказига айланди. Шубҳасиз, Trionda бутун жаҳон футбол мухлислари учун бу мусобақанинг энг асосий рамзларидан бирига айланади.