Россияда ёзги трансферлар бозори расмий равишда ёпилди ва шу муносабат билан мутахассислар 2025 йилда амалга оширилган энг қиммат битимларнинг умумий рўйхатини тақдим этди.
Премьер-лига жамоалари орасида энг катта маблағни қўлга киритган клуб Москва “Динамо”си бўлди. Улар Хорхе Карраскални “Фламенго”га йўллаб, 12,5 миллион евро ишлаб олди.
Бироқ бу рейтингда иккинчи поғонани ўзбекистонлик Аббосбек Файзуллаев трансфери эгаллади. Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби ЦСКАга ўзбек ҳужумкор футболчиси учун 7,5 миллион евро тўлов амалга оширди.
Эътиборлиси, Аббосбек 2023 йилнинг ёзида “Пахтакор”дан ЦСКА сафига бор-йўғи 500 минг еврога қўшилганди. Орадан икки йил ўтиб армиячилар унинг савдосидан 7 миллион евро соф даромад кўришди. Шу тариқа, Файзуллаев “Истанбул Башакшеҳир” тарихи учун энг қиммат трансфер сифатида қайд этилди.
Россия Премьер-лигасида бу йўналишдаги бошқа йирик битимлар ҳам эълон қилинди:
-
Келлвен – ЦСКАдан “Палмейрас”га (6 миллион евро);
-
Виллиан Роша – ЦСКАдан “Ал-Жазира”га (5 миллион евро);
-
Иван Сергеев – “Крилья Советов”дан “Динамо Москва”га (3,8 миллион евро).
Файзуллаев ЦСКА таркибида 72 маротаба майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 22 марта голли узатма берди. Шу давр мобайнида у жамоаси билан Россия Кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди, шунингдек, чемпионатда бронза медалига эга чиқди.
Ушбу натижалар легионеримиз учун янада катта имкониятлар эшигини очиб, уни Европа майдонларида ҳам машҳур қилиши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!