Англиянинг етакчи клубларидан бири — «Манчестер Сити» Испаниянинг машҳур жамоаси «Барселона»да тўп сураётган иқтидорли ярим ҳимоячи Фермин Лопесга катта қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот тарқалди.
Манбаларнинг таъкидлашича, «шаҳарликлар» бу футболчини жамоани тарк этиши мумкин бўлган Бернарду Силванинг ўрнини босувчи асосий номзод сифатида кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, клубнинг бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам Лопеснинг трансферига розилик бергани қайд этилмоқда.
Маълумотларга кўра, Фермин Лопес ҳозирда «Барселона» билан 2029 йил ёзигача амал қиладиган меҳнат шартномасига эга. Унинг бозор қиймати Transfermarkt маълумотларига асосан тахминан 50 миллион еврога тенг.
Ёш ярим ҳимоячи Каталония клуби сафида шу вақтгача 90 та учрашувда майдонга тушиб улгурди. Ушбу ўйинларда у 19 та гол муаллифи бўлди ва жамоадошларига 11 та голли узатма бериш орқали ёрдам кўрсатди.
Агар ушбу трансфер амалга ошса, «Манчестер Сити» ўрта чизиғида янги кучли ижрочига эга бўлади. Фермин Лопес эса ўз навбатида Европа футболидаги энг катта саҳналардан бирига қадам қўйиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!