date

Анчелотти: Услуб мураббийда эмас, футболчиларда яшайди

Анчелотти: Услуб мураббийда эмас, футболчиларда яшайди

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелоттининг айтишича, ҳар қандай мураббийнинг услуби аввало жамоадаги футболчилар хусусиятлари билан боғлиқ бўлади. Унинг фикрича, мураббий қанчалик тажрибали ёки билимли бўлмасин, услубни яратадиган асосий куч — бу ўйинчи шахсияти ва имкониятлари.

– «France Football» нашрига берган интервьюнгизда ўзингизни «тактик жиҳатдан кучли мутахассис» деб атагансиз, аммо «Анчелотти услуби йўқ» дегансиз. Услуб деганда нима назарда тутилади? — деган саволга машҳур мураббий шундай жавоб қайтарди:

– Услуб мураббийнинг ўзига боғлиқ эмас. У жамоадаги ижрочиларга қараб шаклланади. Масалан, Хосеп Гвардиола ўзининг ўйин услубини Хави, Иниеста, Бускетс ва Месси каби футболчилар билан барпо этди. Агар унда бошқа ўйинчилар бўлганида, эҳтимол бундай услуб пайдо бўлмаган бўларди.

Анчелотти шунингдек Юрген Клоппни мисол келтирди. Унга кўра, Клоппнинг услуби тўлиқ интенсивлик ва босимга асосланган футболга қурилган, чунки у шундай хусусиятларга эга таркибка эга эди. — «Гвардиола Клопп футболчилари билан ўз услубини ярата олмаган бўларди. Худди шунингдек, Клопп ҳам Хави ёки Иниеста билан ўша босимни қила олмаган бўларди», — деди у.

Анчелотти ўзининг «услуби» ҳақида гапирар экан, буни хотиржамлик билан эмас, балки одамларни бошқариш қобилияти билан изоҳлади. — «Менда нафақат футболчиларни, балки инсонларни бошқариш салоҳияти бор. Ҳар қандай соҳада ҳам масала инсонлар билан ишлашда. Агар сен одамларни тинглай олсанг ва уларга ишонсанг, энг яхши натижани кўрасан», — деди мураббий.

Бразилия терма жамоаси устози ўзини диктатор эмас, балки тинчликни қадрлайдиган оддий инсон сифатида таърифлади. — «Сен хотиржам бўлсанг, одамлар сен учун борини қилади. Мана шу — энг катта устунлик», — дея қўшимча қилди Анчелотти.

Унинг сўзларига кўра, Паоло Малдини каби буюк футболчиларнинг «Карло билан нафақат футболдан, балки ҳаётдан ҳам завқ олганман» деган гаплари унинг бутун фаолиятига берилган энг тўғри баҳолардан бири ҳисобланади.

Шу тарзда Анчелотти яна бир бор мураббийликда асосий жиҳат — одамлар билан ишлаш ва уларнинг кучини тўғри йўналтириш эканини урғулаб ўтди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Анчелотти: Услуб мураббийда эмас, футболчиларда яшайди