Ливерпул шаҳрида ўтаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбек боксчилари кетма-кет олтин медалларни қўлга киритмоқда.
Куннинг учинчи финалида -90 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Тўрабек Ҳабибуллаев бразилиялик рақиби Исаиас Рибеирога қарши рингга чиқди. Қизғин ва муросасиз кечган жанг уч раунд давом этди ва ҳакамлар қарорига кўра, 5:0 ҳисобида ғалаба Тўрабекка насиб этди. Шу зафар билан Ҳабибуллаев жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
Мазкур ғалабадан сўнг Ўзбекистон терма жамоасининг умумий медаллар ҳисобидаги олтин медаллари сони тўрттага етди. Эслатиб ўтамиз, кеча Фазлиддин Эркинбоев юртимизга биринчи олтин медални тақдим этган бўлса, бугун Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Жавоҳир Умматалиев ўз навбатида иккинчи ва учинчи олтин медалларни ютиб беришди. Шу билан бирга, аёллар баҳсларида ҳам боксчиларимиз учта бронза медалига эга чиқишди.
14 сентябр куни ўтказилаётган финал баҳслари ҳали давом этмоқда. Бугун Навбаҳор Ҳамидова Қозоғистон вакилига қарши, Абдумалик Халоков Бразилия спортчисига қарши, Акмалжон Исроилов Англия боксчисига қарши, Жаҳонгир Зокиров эса Қозоғистон вакилига қарши рингга кўтарилиб, олтин медал учун кураш олиб боришади.
Ўзбек мухлислари финаллардаги навбатдаги ғалабаларни ҳам интиқлик билан кутиб қолмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!