date

Рўзиқул Бердиев: "Насаф" учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас

Рўзиқул Бердиев: "Насаф" учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас

"Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматов эртанги “Ал Аҳли”га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этишди.

Рўзиқул Бердиев:

— Биз Осиё Чемпионлар Лигаси Элит мусобақасидамиз. Эртадан мусобақадаги юришимизни бошлаймиз. Рақибимиз “Ал Аҳли” кучли таркиб ва катта салоҳиятга эга жамоа. «Насаф» учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас, биз илгари ҳам “Ал Аҳли” даражасидаги кучли рақибларга қарши майдонга тушганмиз. Жамоамиз ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга қодир. Эртанги ўйинга тўлиқ тайёрмиз, йигитларнинг ҳам кайфияти яхши. Албатта, ижобий натижа учун бор кучимизни сафарбар қиламиз.

Абдувоҳид Неъматов:

— Ассалому алайкум. Мураббийимиз таъкидлаганидек, эртага кучли жамоага қарши майдонга чиқамиз. Бу беллашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Биз бир жамоа сифатида имкониятимизни ишга солиб, мухлисларимизни хурсанд қилишга интиламиз.

— Эртага мусобақанинг амалдаги чемпионига қарши ўйнайсиз. Бу беллашувга қандай тайёргарлик кўрдингиз?

— Юқорида ҳам айтиб ўтдим, рақибимиз жиддий жамоа — мусобақа чемпиони. Яқинда Саудия Арабистони Суперкубогини ҳам қўлга киритди. Бу уларнинг кучи ва салоҳиятидан далолат беради. Биз тайёргарлик жараёнини шунга яраша олиб бордик. Ишонаманки, эртанги натижа ҳам ижобий бўлади.

— Сиз 12 йилдан ортиқ вақт мобайнида жамоани бошқариб келяпсиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг энг совриндор жамоаларидан бири бўлиб турибсизлар ва бу мусобақада қандай натижа мақсад қилгансизлар?

— Мен жамоада 12 йилдан бери мураббийлик қилаяпман, аммо клуб билан 26 йилдан бери биргаман. Дастлаб футболчи, кейин мураббий сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Сўнгги йилларда «Насаф» катта ўсишга эришди ва бундан кейин ҳам ривожланиш ниятида. Ўйлайманки, жамоамиз тўғри тизим асосида шаклланмоқда. Бу мен учун энг муҳим жиҳат. Жамоамиз ОЧЛ Элит мусобақада иштирок этаётганидан хурсандмиз ва бу иштирокимиз мунтазам бўлишига ишонаман.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Насаф" учун бу каби турнирда қатнашиш янгилик эмас