date

Гвардиола: Ҳусанов “Юнайтед”га қарши жуда ишончли ҳаракат қилди

Гвардиола: Ҳусанов “Юнайтед”га қарши жуда ишончли ҳаракат қилди

“Манчестер Сити” дербида “Манчестер Юнайтед”ни йирик ҳисобда мағлуб этгач, клуб бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоадаги ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳақида тўхталиб ўтди.

Таниқли мураббий Ҳусановнинг жисмоний тайёргарлиги ва ўйиндаги ҳаракатларини юқори баҳолади:

— Кейинги 11 ой мобайнида биз ҳар уч кунда майдонга тушишга мажбур бўлдик. Шундай ҳолатда футболчининг салоҳияти қанчалик муҳим эканини яққол кўриш мумкин. Мен Ҳусановнинг жисмоний имкониятларини яхши биламан — у жуда тезкор ва ўнг қанотни мукаммал ёпиб берди. У кўп тўп йўқотмади, фақат баъзи вазиятларда ортиқча энергияси сабаб тўғри қарор қабул қилишда шошилди.

Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, “Юнайтед” сафидаги жуда тезкор футболчи Доргуга қарши ҳам Абдуқодир катта ишонч ва қаттиққўллик билан ўйин намойиш этди. Бу унинг катта беллашувларда ҳам ўзини кўрсата олишини тасдиқлайди, — деди Гвардиола.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси бўлган Абдуқодир Ҳусановнинг “қизил иблислар”га қарши ҳаракатлари статистикаси ҳам ёмон эмас. “Sofascore” портали ҳимоячига 7,4 балл қўйди ва бу кўрсаткич унинг ўйиндаги ишончли ҳаракатларини тасдиқлаб турибди.

Гвардиоланинг ушбу сўзлари Абдуқодир Ҳусановнинг Англия Премьер-лигасида тобора катта тажриба орттираётганини ва муҳим ўйинларда ўз сўзини айта олишини яна бир бор намоён қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Гвардиола: Ҳусанов “Юнайтед”га қарши жуда ишончли ҳаракат қилди