Англия Премьер-лигасининг тўртинчи турида “Этихад” майдонида ўтган шаҳар дербисида “Манчестер Сити” “Манчестер Юнайтед”ни йирик ҳисобда мағлуб этди – 3:0. Ушбу оғир беллашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рубен Аморим матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Аморим жамоаси ҳали тузилиш жараёнида эканини таъкидлади:
— Биз янги таркиб шакллантираяпмиз ва кучли рақибларга қарши имконият қидирмоқдамиз. Ҳар гал сизнинг саволингиз битта бўлади – нега яхши ўйнамайсизлар? Тўғриси, бугун айрим жиҳатларда яхшироқ ҳаракат қилдик, аммо майда-чуйда деталларда рақибдан ортда қолдик.
Португалиялик мутахассис ўтган мавсумни ҳам эслаб ўтди:
— Ўтган йил аввал дуранг қайд этган эдик, кейин эса “Сити”ни енгганмиз. Демак, имконият бор, лекин ҳозир бизга барқарорлик етишмаяпти. Футболчилар майдонда бор кучини ишга соляпти, аммо улар янада кучлироқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Аморим ғалабалар қайтишини ишонч билан айтди:
— Ҳозир аниқ сўз топиш қийин, аммо биз жамоа тузишни давом эттирамиз. Бу жараён вақт талаб қилади, лекин барибир ғалабаларни қўлга киритишимиз шарт.
Шаҳар дербисида мағлубиятга учраган бўлса-да, мураббий ўз жамоасига ишончи баландлигини, улар янада ривожланиб, юқори поғоналарга чиқишига ишонч билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!