ОФК Элит Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган “Ал Аҳли” – “Насаф” учрашуви жуда драматик вазиятларда ўтди. Жидда шаҳрида бўлиб ўтган беллашувда саудияликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйиндан сўнг меҳмон жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этиб, натижа юзасидан ўз фикрларини баҳам кўрди.
— Бугун юлдузлар ва катта маҳоратга эга жамоага қарши майдонга тушдик. Йигитларда чарчоқ аломатлари бор эди, шу боис айрим хатоларга йўл қўйдик ва ташаббусни рақибга топширишга тўғри келди, — деди Бердиев.
Ундан мағлубиятнинг асосий сабаби нимада экани сўралганда, мураббий батафсил изоҳ берди:
— Биринчи голда хатога йўл қўйдик. Дарвозабонимиз олдинга чиқиши мумкин эди, аммо чиққандан сўнг тўғри ҳаракат қилиш керак эди. Афсуски, тўпни нотўғри қабул қилди. Шу голдан кейин рақиб уйғонди ва ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди. Иккинчи голдан сўнг эса чарчоқ аломатлари янада яққол кўзга ташланди ва кўп вазиятларга имкон бериб қўйдик.
Бердиевнинг айтишича, бу мағлубиятнинг асосий сабаблари хатолар ва жамоадаги чарчоқ бўлди. — Йигитлар муносиб кураш олиб боришди, аммо маҳорат жиҳатидан устун бўлган рақиб ғалабани қўлга киритди, — деди у.
Мураббий шундан сўнг “Ал Аҳли”да тўп тепаётган футболчиларнинг юқори даражадаги маҳоратини ҳам қайд этди: — Бугун 4та гол ўтказдик. Бу жамоада энг яхши футболчилар тўпланганини инобатга олиш керак. ОФК Элит Чемпионлар лигасида иштирок этаётган жамоаларнинг савияси жуда юқори. Биз кучли рақибга мағлуб бўлдик, — дея сўзини якунлади Бердиев.
Шу тариқа, “Насаф” устози мағлубиятни асосан чарчоқ ва хатолар билан изоҳлади. Аммо у жамоа муносиб кураш олиб борганини ва кейинги баҳсларда янада кучлироқ ўйин кўрсатишига ишонч билдирди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!