ОФК Элит Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган “Ал Аҳли” – “Насаф” учрашуви қизғин ва драматик тарзда кечди. Жидда шаҳрида бўлиб ўтган беллашувда саудияликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бироқ мазкур баҳсда дубл қайд этган ҳужумчи Ҳусайн Норчаевнинг ўйини мухлислар диққат марказида бўлди.
“Насаф” форварди учрашувдан кейин сайтимизга интервью бериб, ўйин ҳақидаги фикрларини очиқ баён қилди:
— Ўйин биз учун яхши бошланди, аммо иккинчи бўлимда эътиборни йўқотдик деб ўйлайман. “Ал Аҳли” кучли жамоа, уларнинг таркибида жуда маҳоратли футболчилар йиғилган. Биз йўл қўйган хатоларни дарҳол жазолашди, — деди Норчаев.
Ҳужумчи баҳсда қайд этилган қизил карточка ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
— Менимча, вазият қизил карточкага арзимас эди. Икки футболчи шунчаки елка билан ўйнашди, буни майдонда ҳам кўрдик. Энди видеоёзув орқали яна бир бор кўриб чиқамиз, — деди у.
Энг қизиғи, Норчаевнинг иккинчи голи жамоадошлар ва мухлисларда катта таассурот қолдирди. У голдан сўнг Роналду услубида нишонланди:
— Шундай деса ҳам бўлади. Чунки Криштиану Саудия Арабистонида ўйнаяпти. Мен эса ҳужумчиман, гол уриб, жамоамга ёрдам берганимдан хурсандман. Бу ўйин биз учун катта тажриба бўлади. Кейинги баҳсларда ғалаба учун янада кўпроқ меҳнат қиламиз, — дея таъкидлади Норчаев.
Суперлигада чемпионлик учун кураш ва ОФК Элит Чемпионлар лигасида муносиб иштирок этиш ҳақида ҳам савол берилди. Ҳужумчи бу икки фронтда ўйнаш қийинчилик туғдирмаслигини айтди:
— Менимча, бу салбий таъсир кўрсатмайди. Чунки бундай кучли рақибларга қарши ўйнашнинг ўзи йигитларга катта мотивация ва тажриба беради. Ҳар 4-5 кунда майдонга тушиш катта масъулият, аммо биз тўлиқ тикланиб, ҳар бир баҳсга муносиб тайёргарлик кўришимизга ишончим комил, — деди Норчаев.
Шу тариқа, “Насаф” форварди Ҳусайн Норчаев дубли билан нафақат жамоаси шарафини ҳимоя қилди, балки мухлисларга катта умид бағишлади.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!