“Ливерпул” сафидаги машҳур ҳужумчи Муҳаммад Салоҳ Европа Чемпионлар Лигаси доирасида “Атлетико”га қарши кечган баҳсда ўзига хос ютуққа эришди.
Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ мисрлик юлдуз майдон марказида фаол ҳаракат қилди. Аввал, 4-дақиқада Эндрю Робертсоннинг голига аъло даражада ассистентлик қилди. Ордан икки дақиқа ўтиб эса, ўзи ҳам тўпни дарвозага йўллаб, жамоаси ҳисобини оширди.
Opta статистика маркази таъкидлашича, Салоҳ Чемпионлар Лигаси учрашувининг биринчи 6 дақиқасида ҳам голли узатма, ҳам голга муаллифлик қилган Премьер-лига клублари тарихидаги илк футболчи сифатида тарихга кирди.
33 ёшли ҳужумчи “қизиллар” сафидаги фаолияти давомида Европа чемпионлар лигаси мусобақасида 89 та ўйинда майдонга тушиб, жами 48 та гол ургани қайд этилган. У 2017 йилдан буён “Ливерпул” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда ва жамоанинг асосий етакчиларидан бирига айланиб улгурди.
Эндиликда, турнирнинг иккинчи босқичида Англия клуби Туркияга сафар қилади. “Қизиллар” 30 сентябр куни “Галатасарой” меҳмони бўлиб майдонга чиқиши режалаштирилган. Мухлислар бу учрашувда ҳам Салоҳдан ёрқин ўйин кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!