date

«Пахтакор» ва «Машъал» матбуот котиблари жазо остонасида

«Пахтакор» ва «Машъал» матбуот котиблари жазо остонасида

Ўзбекистон футболида яна бир шов-шувли воқеа қайд этилди. «Машъал» ва «Пахтакор» клублари матбуот хизматларининг ҳаракатлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Тартиб-интизом қўмитаси муҳокамасига оширилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати расман маълум қилди.

Мазкур ҳолат Ўзбекистон Суперлигасининг 21-туридан ўрин олган икки беллашувдан кейин юзага келди. Хусусан, «Машъал» – «Шўртан» ҳамда «Пахтакор» – «Нефтчи» учрашувлари давомида мезбон жамоалар матбуот котиблари ўз клубларининг расмий Telegram каналлари орқали ҳакамлик борасида очиқ-ошкора эътироз билдиришди.

Бироқ қоидаларга кўра, бундай ҳолларда клуб расмийлари беллашув якунлангач тегишли тартибда расмий шикоят киритиши керак эди. Амалда эса бу жараён бажарилмаган. Лига эслатганидек, мусобақалар регламентида ҳакамликдан норозилик ифодалашнинг аниқ тартиботи белгиланган.

Шу билан бирга, Лига тасдиқлаган медиа йўриқномада ҳам матбуот котибларининг масъулияти аниқ баён этилган. Хусусан, 2.2 бандига кўра, матбуот котиби клуб номидан чиқадиган ҳар қандай расмий маълумот ва эълон учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Шу сабабдан ҳам «Машъал» ва «Пахтакор» клублари иши энди Тартиб-интизом қўмитаси кўриб чиқиши учун юборилди. Қўмита қароридан кейин ҳар икки клубга нисбатан интизомий чора қўлланиши мумкин.

ЎзПФЛ эса ўз навбатида клубларни Лига шафелигида ўтказиладиган мусобақаларда белгиланган қоидаларга қатъий амал қилишга чақирди. Бу нафақат ташкилот нуфузи, балки футбол соҳасида адолат ва профессионалликни таъминлаш учун ҳам муҳим экани таъкидланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Пахтакор» ва «Машъал» матбуот котиблари жазо остонасида